Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида қалбаки валютани муомалага киритмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилди.

Фото: Бош прокуратура

Маълумотларга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро У.Ш. ўзининг ёнида бўлган қалбаки 3000 АҚШ долларидан 300 АҚШ долларини «Каттақўрғон деҳқон бозори»да фуқаро Ш.О.га миллий валютага алмаштириш учун берган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Фото: Бош прокуратура

Шунингдек, У.Ш.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда 50 ва 100 купюрали 17 400 АҚШ доллари, 1 дона 5000 купюрали Россия рубли, 1 дона 1000 купюрали Перу пул бирлиги ҳамда Lenovo русумли ноутбук  ва НР русумли рангли принтер мавжудлиги аниқланган. Ашёвий далил сифатида олинган валюта қимматликлари ўтказилган экспертиза хулосасига кўра қалбаки эканлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Сурхондарёда қалбаки 10 минг долларни 104 миллион сўмга сотган шахс ушлангани, Фарғонада эса қалбаки 100 долларни ўтказмоқчи бўлганларга жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди.