Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳамда хизматлар соҳасини ривожлантиришга доир келгуси вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда жойларда инфратузилмани яхшилаш масаласига эътибор қаратилди. Ривожланишдан орқада қолаётган 22 та туман учун инвестиция дастури доирасида 264 миллиард сўм, бошқа ҳудудлар учун қўшимча 736 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди.
«Иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзибўларчиликка йўл қўйган Бухоро, Жондор ва Сирдарё туман ҳокимларини лавозимидан озод этиш масаласи қўйилди», — дейилади хабарда.
Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳокимларнинг ҳисоботини маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб, фаолиятига баҳо бериш, шунингдек, 2021 йил учун аниқ режаларни белгилаш муҳимлиги таъкидланди.
Маълум қилинишича, тадбиркорлик фаолияти учун яратилган имтиёзлар натижасида 10 ойда 78 мингта корхона ташкил этилган. Хусусан, Ховос туманидаги янги кичик саноат зонасида 7 та лойиҳа натижасида 500 та иш ўрни яратилган. Умуман, туманда жами 170 та янги корхона очилган.
Шу билан бирга, Ёзёвон, Учтепа, Шофиркон ва Бекобод туманларида фаол тадбиркорларни кўпайтириш бўйича ишлар танқид қилинди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига бундай жойларда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича «бизнес-патронаж» тизимини йўлга қўйиш топширилди.
Пандемия даврида вақтинча ишламай турган 96 мингта корхона ўз фаолиятини тиклагани қайд этилиб, қолган бизнес субъектларига ҳам бу борада кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳудудларда тадбиркорларни ер масаласи кўп қийнаётгани, бу борада кўплаб мурожаатлар бўлаётгани кўрсатиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ривожланиш даражаси қониқарсиз бўлган 33 та туман раҳбарлари ишдан олинишини айтганди.
Изоҳ (0)