Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси илк бор қайд этилган 2020 йилнинг 15 мартидан буён касалликни даволаш билан шуғулланиб келаётган Вирусология илмий текшириш институти клиникаси касаллик ҳажмининг камайиши сабабли ноябрь бошидан одатий иш фаолиятига қайтди. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» хабар қилган.

Фото: «Дарё»

200 ўринга мўлжалланган шифохона сурункали гепатит, цирроз ва бошқа турдаги инфекцион касалликларга чалинган беморларга хизмат кўрсатади. Шифохона дунё талабларига жавоб берадиган ноёб лаборатория қурилмалари билан жиҳозланган. Бундан ташқари клиникада кунига 250 қатновга мўлжалланган поликлиника ҳам ишлаб турибди.

Шунингдек, Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникаси ҳам одатий иш фаолиятига қайтиб, коронавирусдан бошқа турдаги юқумли касалликларга чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатишга ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 15 ноябрь куни коронавирусга чалинганлар сони расман 70 мингдан ошган, бироқ касалланганлар сони аслида бундан камида икки-уч баробар кўп бўлиши мумкин. Бунгача расман тасдиқланган касалланиш ҳолатлари сони 28 март куни 100 дан, 7 апрель куни 500 дан, 14 апрель куни 1000 дан, 29 апрель куни 2 мингдан, 14 июнь куни 5 мингдан, 5 июль куни 10 мингдан, 27 июль куни 20 мингдан, 10 август куни 30 мингдан, 26 август куни 40 мингдан, 19 сентябрь куни 50 мингдан, 8 октябрь куни 60 мингдан ошган эди.

ССВнинг қайд этишича, 16 ноябрь ҳолатига кўра шу вақтгача тасдиқланган беморларнинг 67 655 нафари (96 фоизи) соғайган, касаллик асоратлари оқибатида вафот этганлар сони 598 нафарга етган («Дарё» нашри 22 сентябрга қадар юритган алоҳида статистика бўйича, қурбонлар сони камида 19 нафарга кўп).