Ўзбекистонда 3 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилинди, дея хабар бермоқда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги.
Маълум қилинишича, масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Manpower consult group, Unistaff, Karmada Recruiting and Consulting хусусий бандлик агентликларига Ўзбекистондан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензияларининг амал қилиши бекор қилинган.
Ўзбекистон «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонунининг 24-моддаси, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунининг 20-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом»нинг 49-бандига мувофиқ ушбу хусусий бандлик агентликларининг лицензияларини бекор қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинган.
Аввалроқ Тошкентда одамларни қарийб 1,5 млрд сўмга чув туширган хусусий бандлик агентлиги мансабдорларига суд ҳукми ўқилгани, Хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларни алдаш йўли билан 80 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ноқонуний тарзда ўзлаштирилгани ҳамда Тошкентда 1100 дан ортиқ фуқарони 6,2 млрд сўмга чув туширган хусусий бандлик агентлигининг кирдикорлари фош қилингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)