Андижонда 27 октябрдан бошлаб вилоят ҳудудидаги жами 81 та автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари (газ-заправкалар)га табиий газни етказиб бериш ҳар куни тонг соат 06:00 дан кеч соат 16:00 га қадар амалга оширилади. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Андижон» компанияси маълум қилди.

Компания баёнотида қайд этилишича, «қиш мавсумида табиий газни етказиб беришда технологик режим жараёнларидаги газ билан боғлиқ ишлар бажарилиши муносабати билан, вилоятга келувчи табиий газ босимида пасайиш кузатилмоқда». Шу сабабли етказиб берилган табиий газ тақсимотига кўра, газ биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз равишда таъминлашга қаратилган.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб, автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларига табиий газни етказиб бериш 27 октябрдан тонг соат 06:00 дан кеч соат 16:00 га қадар белгиланди. Вилоятимиздаги ҳайдовчилардан ўз автоуловларига газ тўлдиришда ҳар кунлик белгиланган вақт (06:00 – 16:00) оралиғида газ тўлдириш ишларини техника хавфсизлиги қоидалари асосида амалга оширишларини сўраймиз», — дейилади компания ахборотида.

«Дарё» мухбирининг маълум қилишича, сўнгги кунларда вилоятдаги газ-заправкалар олдида навбатлар юзага келишни бошлаган. «Ҳудудгаз Андижон» компанияси вакилининг «Дарё» мухбирига маълум қилишича, газ-заправкаларга чекланган вақт давомида газ етказиб бериш тартиби қачонгача давом этиши номаълум, 2021 йил баҳоригача давом этиши ҳам мумкин.

«Дарё»нинг Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Фарғона вилоятларидаги мухбирлари ҳозирча ушбу ҳудудлардаги газ-заправкаларда Андижондаги каби чекловлар ўрнатилмаганини маълум қилди. «Дарё» вазият юзасидан изоҳ олиш учун республика «Ҳудудгаз таъминот» компаниясига мурожаат қилди.

Қайд этиш жоиз, 21 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев йил якуни билан табиий газ қазиб олишни кўпайтириш, ички бозорга қўшимча газ етказиб бериш бўйича топшириқлар берган эди. Аввалроқ Ўзбекистондаги лойиҳаларидан Хитойга газ экспорт қилишни тўхтатган Россиянинг «Лукойл» компанияси газни Ўзбекистоннинг ички бозорига йўналтириш бўйича ҳукумат билан келишувга эришгани маълум бўлган эди.

Эътиборга молик томони, 16 октябрь куни «Ҳудудгаз таъминот» компанияси вакили Абдусаттор Қаюмов газ экспортининг қисқариши (Ўзбекистон 2019 йилда 2 миллиард долларлик газ экспорт қилган бўлса, 2020 йилда газ экспортидан тушган даромад 5,5 баробарга қисқариб, ҳозиргача 366,3 миллион долларни ташкил этмоқда) ички бозорга газ етказиб бериш ҳажмини оширишга имкон бермаганини тан олган эди. Қаюмов бунга сабаб қилиб янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими марказлашган эмас, балки локал эканини кўрсатган.

Водий вилоятларидан бирида жойлашган газ-заправка олдида юзага келган навбат, 2018 йил, декабрь.

Фото: «Kun.uz»

Эслатиб ўтамиз, 2018—2019 йилларда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари, хусусан, Фарғона водийси вилоятларида бир неча бор «газ инқирози» юз берган эди. Газ босими пасайиб кетгани боис вилоятлардаги газ-заправкаларнинг аксарият фаолиятини вақтинча тўхтатган, оқибатда ишини давом эттираётган газ-заправкалар олдида километрлик навбатлар юзага келган эди. Айни вақтда, ушбу ҳудудларда газ тақчиллиги ортидан йўл ҳақининг ошиши ҳам кузатилганди. Ўшанда муаммо газни Қозоғистон орқали транспортировка қилиш ҳисобига бирмунча ҳал этилган эди.

Водий вилоятларидан бирида жойлашган газ-заправка олдида юзага келган навбат, 2018 йил, январь.

Фото: Telegram / @vodiybozor