Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Ўзгартиришга кўра, эндиликда эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш (54-модда) билан боғлиқ маъмурий ишлар ички ишлар органлари томонидан ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Бунда ички ишлар органлари ушбу тоифадаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазони қўллашга фақат тегишли ҳудудларда ёки объектларда карантин жорий этилган тақдирда ҳақлидир.
Шунингдек, эндиликда карантин шароитида ҳайдовчилар томонидан кодекснинг 54-моддасининг иккинчи қисмида (транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чекловлар бузилиши қисмида) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилганда, транспорт воситалари ички ишлар органлари томонидан маъмурий иш кўрилгунига қадар ушлаб турилиши мумкин.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, август ойи бошларида «Менинг фикрим» порталига суғурта полиси йўқлиги туфайли автотранспорт воситасини жарима майдонига қўйиш амалиётини бекор қилиш ҳақидаги петиция жойлаштирилган ва у парламентда кўриб чиқиш учун етарли бўлган 10 000 дан ортиқ овоз тўплаганди. Сентябрь охирларида эса автомобилнинг суғуртаси йўқлиги учун жарима майдончасига жойлаштириш амалиёти бекор қилинди.
Изоҳ (0)