Россиялик хакерлар АҚШдаги баъзи федерал ва маҳаллий компьютер тармоқларига кириш имкониятини қўлга киритган, бу Москванинг президент сайловларига таъсир ўтказишига йўл очиши мумкин. Бу ҳақда The New York Times Америка разведка хизматларидаги манбасига таяниб хабар берди, деб ёзади «РБК».

Фото: Reuters

«Расмий шахслар Россия нима қилишни режалаштираётганини айтмади, аммо уларнинг тахминича, операциянинг мақсади президент Трампга ёрдам бериш», — дейилади мақолада.

Айни пайтда Россия хакерлари овозларни ҳисоблаш механизмларини ёки сайловчиларни рўйхатга олиш ҳақидаги маълумотларни ўзгартиргани ҳақида ҳеч қандай далиллар йўқ, деган газета ҳамсуҳбатлари. Аммо, уларнинг сўзларига кўра, хакерлар тармоқларга кириш имкониятидан фойдаланиб, маълумотларни бузиб кўрсатиши, ёпиқ маълумотларни оммага эълон қилиши ёки «натижалар ишончли эканлиги юзасидан шубҳа уйғотиш» учун бошқа чораларни кўриши мумкин.

Аввалроқ 22 октябрь куни АҚШ Миллий разведкаси раҳбари Жон Ретклифф Эрон ва ундан алоҳида тарзда Россия сайловчиларни рўйхатга олиш ҳақида «қандайдир маълумот»ни қўлга киритганини муассасада тасдиқлашганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, ушбу маълумотлар ёрдамида сайловчилар ўртасида «чалкашлик ва тартибсизликни юзага келтириш» мақсадида ёлғон ахборот тарқатилиши мумкин.

Кремлда эса Ретклиффнинг баёнотига жавобан, сайловларга аралашиш айбловлари ҳар куни ёғилаётгани, аммо асоссиз бўлиб қолаётганини маълум қилишди.

Шу йилнинг август ойида АҚШ миллий контрразведка маркази директори Уильям Эванина АҚШдаги президентлик сайловларига Россия, Эрон ва Хитой аралашишга уринаётганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Россия Байденнинг, Эрон ва Хитой эса Трампнинг сайланишига йўл қўймасликка уриняпти.

АҚШда президент сайловлари 3 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда амалдаги президент, Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп ва демократлардан номзод Жо Байден рақобатлашади.

Республикачилар партияси 24 август куни президентлик ва вице-президентликка номзод сифатида Дональд Трамп ва Майкл Пенсни кўрсатган. Демократлар партияси эса АҚШ президенти сифатида Жо Байден, вице-президент сифатида Калифорния сенатори Камала Харрис номзодини илгари сурган.