Оксфорд университети олимлари коронавирус инфекциясини беш дақиқадан камроқ вақт ичида аниқлай оладиган тестни ишлаб чиқди, деб хабар беради Reuters агентлиги.
Мутахассислар қайд этишича, уларнинг ихтироси аэропортларда ва компанияларда одамларни ёппасига экспресс тестдан ўтказишда қўлланилиши мумкин. Оксфорд олимларининг қўшимча қилишича, улар тажрибавий намунани 2021 йил бошида чиқаришга умид қилмоқда. Яна олти ойдан кейин эса тасдиқланган моделни тақдим этиш режалаштирилмоқда.
Таъкидланишича, янги тест COVID-19’ни аниқлашда юқори аниқликни намоён этади, шу билан бирга, у ушбу вирусни бошқа касалликлардан фарқлашга ҳам қодир. Оксфорд университетининг физика департаменти профессори Ахилл Капанидис ихтиро ёрдамида коронавирусни осон ва тез текшириш мумкинлигини қайд этди.
Оксфордда яратилган тест антиген ҳисобланади — бу шуни билдирадики, у антигенларни (вирус оқсилларини) аниқлайди. Олимлар тахмин қилишича, бундай схема бўйича ишлайдиган қурилмалар ёппасига тестдан ўтказишни тезроқ ва самаралироқ амалга ошириш имконини беради, аммо ҳозирда мавжуд бўлган намуналар аниқликда молекуляр ПЗР тестлардан ортда қолади.
Аввалроқ ЖССТ коронавирусга қарши дориларнинг самарадорлиги паст эканлигини маълум қилди. Бунда гап нафақат ремдесивир, балки гидроксихлорохин, лопинавир ва интерферон ҳақида ҳам бормоқда. Бундан ташқари, ЖССТ тадқиқоти бу дорилар COVID-19’га чалинган беморнинг касалхонада ётиш вақтини деярли қисқартирмаслигини кўрсатди.
Шунингдек, COVID-19’га чалинганда касалхонада даволаниш хавфини олти бараварга оширадиган касалликлар ҳақида маълумот берилди. Коронавирус инфекциясига чалинган беморда юрак қон-томир касалликларининг бўлиши унинг касалхонага тушиш хавфини олти бараварга оширади, бунда ўлим ҳолатлари кузатилишининг эҳтимоли ўн икки бараварга ошади. Бу ҳақда Россия соғлиқни сақлаш вазирлигининг Кардиология тиббий тадқиқотлар маркази бош директори, Россия Фанлар академиясининг академиги Сергей Бойцов маълум қилган
Изоҳ (0)