Россия Федерал хавфсизлик хизмати Волгоград шаҳрида Суриядаги террорчилар кўрсатмаси асосида теракт режалаштирган икки нафар жангарини йўқ қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Маълум қилинишича, Россияда тақиқланган «Тавҳид ва жиҳод» катибаси халқаро террорчилик ташкилотининг минтақалараро ҳужраси фаолиятига чек қўйилди. Йўқ қилинган жангарилар Марказий Осиё мамлакатларидан бирининг фуқаролари ҳисобланади. Улар Волгоградда террорчилик ҳаракати уюштиришни режалаштирган.
Террорчилик фаолиятини мувофиқлаштириш Суриядан амалга оширилган. Махсус хизматлар хабарига кўра, жангарилар ҳокимият органлари биноларига, ҳарбий хизматчиларнинг яшаш жойларига ҳамда портлаш ва ёнғин хавфи бўлган корхоналарга ҳужум уюштиришни режалаштирган.
Қўлга олиш чоғида жангарилар Волгограддаги махфий ҳужрадан теракт учун тайёрланган воситаларни олиб чиқишга уринган ва Федерал хавфсизлик хизмати ходимларига қаршилик кўрсатган. Улар ФХХ томонидан йўқ қилинган.
Жангариларнинг яшаш жойида ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар, кимёвий ва зарарловчи моддалар ҳамда қўлбола портловчи воситалар, диний характердаги адабиётлар, шунингдек, Волгограднинг теракт режалаштирилган жойлари белгиланган харитаси топилган.
Шунингдек, бир вақтнинг ўзида Москва, Санкт-Петербург, Уфа, Майкоп ва Волгоградда бошқа террорчилик гуруҳлари аъзолари қўлга олинган.
Изоҳ (0)