Жиззах эркин иқтисодиёт зонасидаги ADM-Jizzakh заводида ноябрь ойидан бошлаб Roodell компанияси томонидан энг янги моделлардан бўлган Kia Seltos ва Kia К5 автомобилларини йиғиш бошланиши маълум қилинган эди. «Gazeta.uz»нинг хабар беришича, 5 октябрь куни Тошкентнинг Сергели туманидаги Kia Motors автосалонида ушбу моделларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Фото: «Gazeta.uz»

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари  Ўзбекистон ва Россиядаги Kia нархларида фарқ борлигига эътибор қаратди. Roodell’нинг бош директори ва ҳаммуассиси Дониёр Давлетияров нима учун Россияда унинг нархи арзонлигига изоҳ берди.

«Биринчидан, биз автомобилларни Россияда ишлаб чиқарилмаган тўпламлардан ишлаб чиқарамиз, яъни автомобиль нархининг Россия билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Иккинчидан, бизда автомобиль эҳтиёт қисмлари бутунлай бошқа. Россияда ҳар йили 1,5 миллионга яқин автомобиллар сотиладиган жуда рақобатбардош бозор бўлгани учун эътибор маҳсулот таннархини пасайтиришга қаратилган бўлса, бизнинг ҳолатда — ушбу босқичда, умуман бизнинг бозоримизда йўқ бўлган замонавий, опсияларга бой, турли қўшимчаларга эга яхши автомобиль керак. Шу сабабли бизда эҳтиёт қисмларининг ўзи Россияникига қараганда қиммат», — деган у.

«Масалан, Россияда Kia Seltos механикада 1,6 литрли двигатель билан сотилади. Бизда бунақаси умуман йўқ. Бизда фақат автомат узатмалар қутисига эга бўлган 2 литрли двигатель мавжуд. К5’да ҳам худди шундай», — дея тушунтирган тадбиркор.

Roodell раҳбари, шунингдек, эҳтиёт қисмларни этказиб беришдаги транспорт харажатларига ҳам ишора қилди.

«Яна транспорт логистикаси. Агар эҳтиёт қисмларни Жанубий Кореядан олиб келсак, улар портга, портдан Россияга, у ердан Россия бўйлаб поэздларда Қозоғистонга, у ердан Тошкентга жўнатилади ва у ердан вагонларга ортиб, Жиззахга олиб келинади. Бу катта харажатларга олиб келади. Кейинги босқичда биз завод олдига логистика харажатларини камайтириш орқали маҳсулот таннархини пасайтириш вазифасини қўйдик», — деган Дониёр Давлетияров.