Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг А Серия вакили «Женоа»га ўтгани ҳақида хабар берилганди. Маълумки, Элдор А Серия, хусусан, «Женоа»да тўп сурадиган биринчи ўзбекистонлик футболчи эмас. Ундан олдин мазкур жамоада Илёс Зейтуллаев исмли (ўзбекистонлик) футболчи тўп сурган ва маълум даражадаги ютуқларга ҳам эришган. Шу муносабат билан «Sports.ru» сайтидаги «Ўзбек ошхонаси» блоги муаллифи Евдоким Раимов ўзбекистонлик футболчилар Элдор Шомуродов ва Илёс Зейтуллаев ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашибди. «Дарё» қуйида ушбу материални ўқувчиларга ўзбек тилида тақдим этади.

Илёс Зейтуллаев ҳақида

Фото: Google Photos

Бир пайтлар оддийгина ўн ёшли бола эдим ва барча шу ёшдаги болалар сингари кечгача тўп ортидан қувардим. 2002 йилги Жаҳон Чемпионатида Роналдонинг ўйинларини томоша қилиб, соч турмагимизни уникига ўхшатишга ҳаракат қилардик. Ҳозир мен шуни англадимки, ўша пайтдаги Бразилия дарвозабони Маркос дунё юлдузи бўлгани учун эмас, балки мамлакатдаги энг зўри бўлгани учун асосий таркибдан жой олган экан.

Нега мен буни эслаб қолдим?

Ўша даврда ўзбек футболида Илёс Зейтуллаев номи пайдо бўлди. Ўшанда унинг кимлигини ва қандай кўринишга эгалигини билмасдим, аммо унинг «Ювентус»га ўтишининг ўзи мен бир олам қувонч эди. Тасаввур қилиб кўринг, ўзбек футболчиси телевизорда кўрган ўйинчиларингиз билан бир қаторда ўйнаса... Мен ҳозирги кунга келибгина Зейтуллаевнинг бошқа бирор сабаб билан эмас, балки кўплаб футболчилар билан бўлгани сингари шунчаки ўйнай олмаганини тушуняпман. Ҳаммага ҳам насиб этавермайди-ку, шундай эмасми. Кейинчалик эса Зейтуллаев шахсини паспортида ёшини «кичрайтирган»ини тан олган одам сифатида танидим. Одатда Ўзбекистонда бундай нарсалар ҳа деганда тан олинавермайди. Истисно тариқасида фақатгина Умид Аҳмаджонов федерация тепасида бўлган даврда футболчиларнинг оммавий дисквалификациясини кузатиш мумкин эди. Аммо у ерда ҳам тушунарсиз бўлса-да, ўзига хос қандайдир ўзгача фалсафа бор эди.

Ҳозир Илёс Италияда мураббийлик курсларига ёзилган ҳолда эркин ҳаёт кечирмоқда. Унинг А Серияда муваффақиятсизликка учрагани эса унинг шахсий иши. Аммо факт ва фактлигича қолаверади. У кучли бешлик чемпионатларида ўйнаган биринчи ўзбекистонлик футболчи бўлиб тарихга кирган. Буни эса инкор этиб бўлмайди.

Элдор Шомуродов ҳақида

Фото: Twitter

Қатор йиллардан бери ўзбек футболчилари мунтазам равишда Россия Премьер Лигасида тўп суриб келаётган бўлса-да, Европа барибир ўзгача ўлчов. Россияга йўл олиш нисбатан осон бўлиб, одатда футболчиларимиз катта тўсиқларга дуч келмайди. Тил борасида деярли муаммо кузатилмайди, шунингдек, Гуccи тўпламлари учун ҳам бемалол МУМга бориш мумкин. Аммо негадир футболчиларимизнинг Ғарб томон йўл олиш уддалаб бўлмас топшириқдек гўё. Лекин мен қачондир бизнинг футболчилар ҳам топ-лигаларда ўйнашига, шартли «Саутҳэмптон», «Нитца» ва «Реал Сосьедад»ларга мухлислик қилишимизга ишонардим. Бир қанча вақт олдин Сардор Рашидов бунга ҳаракат қилиб ҳам кўрди, бироқ у бироз вақтдан бой берганди. У кетиши керак пайтда Қатарни танлаганди.

Элдор кетма-кет ўн бешта ўйинда гол ура олмади. Бунга фақатгина Европа Лигасида доирасида ўтказилган «Маккаби»га қарши ўйинда нуқта қўйилди. Валерий Карпин эса бу ҳолатни «карантин футболи» ва жамоанинг жисмоний ҳолати билан боғлади. Умуман олганда Элдор йил давомида ҳам ўтган мавсумдагидек фаол бўлмади.

Шунга қарамай ҳозир асосийси Элдорга ўзига бўлган ишончдир. «Женоа» ҳам ўз навбатида мукаммал клуб эмас. Клуб А Сериянинг ўртамиёна жамоаларидан бири ҳисобланади, аммо генуяликлар Элдорга ўзи хоҳлаган нарсани бериши мумкин – диққат марказида бўлиш ва асосий таркиб аъзосига айланиш. Ушбу мавсум олдидан жамоани бирданига уч нафар ҳужумчи тарк этди. Кристиан Куаме «Фиорентина»га, Андреа Пинамонти «Интер»га, Жанлука Лападула эса «Торино» сафига қўшилди. Шундай экан, буёғига ҳаммаси фақат Элдорнинг ўзига боғлиқ.

Таъкидланишича, италянлар Элдорга йилига 600-700 минг евро таклиф қилмоқда. Трансфер нархи эса 9 миллион еврога баҳоланмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Элдор Италияга озми, кўпми шаклланган ва маълум муваффақиятларга эришган футболчи сифатида кетмоқда. Ҳатто Жасур Жалоллиддиновнинг фонида ҳам Шомуродов «Ростов»га анча кеч жўнаб кетганди. У Донда анча вақтгача ўйин амалиётига эга бўлишда муаммоларга дуч келди. Валерий Карпин бошчилигида эса Элдор футболчи сифатида ўсди, ўзига бўлган ишончи ортди, кўпроқ гол ура бошлади (энг муҳими). Шунга қарамай, Италияда унга осон бўлмаслиги аниқ. Италия футболи албатта, ҳозир 90 йиллардагидек ўта ҳимоявий тусда эмас. Бироқ даража ва футбол об-ҳавоси сезиларли даражада фарқ қилади. Агар Шомуродов ўз ривожланишидан тўхтамаса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ниҳоят ҳақиқий юлдуз ва етакчига эга бўлади.

Юқоридаги сўзларга қайтсак, «Женоа»да олдин ҳам ўзбекистонлик футболчи 12 та ўйин ўтказишга улгурган. Мен эса шу тобда + 39 (10) 612831 («Женоа» клубининг телефон рақами) рақамига қўнғироқ қилиб, Сиёб бозоридаги сотувчи аёллар ўз нонларини энг мазалиси эканлигига ишонтиргани каби, ватандошимнинг нималарга қодир эканлигини айтишга ошиқяпман.

Шундан сўнг биз «ўзбек ошхонаси»нинг эскирмайдиган мавзуси – Жаҳон Чемпионати (Элдор Шомуродов бошчилигида) ҳақида суҳбатлашамиз!

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!