Вильнюс шаҳри аҳолисига йоднинг таблетка кўринишидаги дорилари тарқатилади. Бу ҳақда Литва пойтахти маъмуриятига таяниб, LRТ радиоси хабар тарқатди.
Йодланган калий Гроденск вилояти Островец шаҳридаги Беларусь атом электростанциясидан 100 километрлик радиусда яшовчи аҳолининг қалқонсимон без касалликларидан сифатли ҳимоялаш мақсадида бепул тарқатилади.
Айни вақтда шаҳар маъмурияти Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фавқулодда вазиятлар марказидан дорилар захирасини олиб келишга ва Вильнюсдаги бешта энг йирик дорихона тармоқларига жойлаштиришга тайёрланмоқда. Пойтахт аҳолисига дастлабки босқичда 2,1 миллионта таблетка тарқатилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 16 та муниципалитетларга жами 4 миллионта таблетка ажратилган. Улар фуқароларни БелАЭСда авариявий ҳолат кузатилганда радиоактив ёддан ҳимоя қилиши кўзда тутилган.
Электростанция Россия ҳамда Беларусь ўртасида тузилган келишувга мувофиқ «Росатом» тузилмасида 2011 йилдан буён қурилмоқда. АЭС иккита энергоблокдан иборат, биринчиси 2020 йилда фойдаланишга топширилса, иккинчи блок 2021 йилда фаоллаштирилади.
Август ойида Литва ҳукумати Вильнюсдан 50 километр масофада АЭСни ишга тушириш юзасидан чораларнинг амалга оширилгани учун норозилик нотасини юборган. Литва Беларусь станцияси мамлакат хавфсизлигига таҳдид эканини билдирган ва АЭСнинг Евроиттифоқ тавсиялари асосида стресс-тестлардан ўтказилишини талаб қилмоқда.
Май ойида БелАЭСга реактор учун ядро ёнилғиси етказиб берилган ва Беларусь президенти Александр Лукашенко биринчи энергоблокни ишга тушириш ноябрда амалга оширилишини билдирганди.
Изоҳ (0)