«Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият Ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади», — деди Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида.

Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда ривожлантириш лозимлигини таъкидлади. «Мақсадимиз — ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев БМТ шафелигида Пандемиялар даврида Давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро Кодексни ишлаб чиқишни таклиф этди. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозим.

Президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги нутқида Ўзбекистонда коронавирусни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. «Фурсатдан фойдаланиб, синовли дамларда бизга беғараз ёрдам кўрсатган барча дўст ва ҳамкорларимизга чуқур миннатдорлик изҳор этаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида янги Ўзбекистон шаклланмоқда», — деди Президент ўз нутқида. «Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди», — деб қайд этди Ўзбекистон раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев гендер тенглиги сиёсати Ўзбекистон учун устувор масалага айланганини таъкидлади. «Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий Стратегия қабул қилинди», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтириш, диний эркинликни таъминлаш борасидаги ютуқларини, судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотларни қайд этди.

«Биз биринчи марта камбағалликни камайтириш ҳақидаги қатъий қароримизни очиқ эълон қилдик», — деди Шавкат Мирзиёев. Президент Ўзбекистон бунга тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда замонавий инфратузилмани барпо этиш, одамларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш ва аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали эришаётганини таъкидлади.

Президент Мирзиёев яна бир бор Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ Конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бундан ташқари, парламентларнинг замонавий ижтимоий муаммоларни ҳал қилишдаги роли ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Ўзбекистон раҳбари Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Шавкат Мирзиёев ҳозирги вақтда Марказий Осиё минтақасида юз бераётган туб ўзгаришларни қайд этди. БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусга асосан мунтазам ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақа мамлакатларининг умумий ютуғи бўлганини таъкидлади. «Мамлакатларимиз ушбу синовли кунларда бир-бирини ёлғиз қолдирмасдан, ўзаро елкадош бўлди», — деди Ўзбекистон раҳбари.

Бугун Марказий Осиё давлатлари олдида минтақа глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдек муҳим стратегик вазифа турибди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Глобал антитеррор стратегияси минтақавий Қўшма режасининг натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган Халқаро конференцияўтказишни таклиф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Хива шаҳрида «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» мавзусида Халқаро форумни ўтказишга тайёр эканини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев 2018 йил март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент конференцияси афғон муаммосини ечиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишда янги босқич бўлганини қайд этиб, 2020 йилнинг сентябрь ойида Доҳада афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокараларини тўла қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Ўзбекистон раҳбари бу музокаралар жафокаш афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ўрнатишига умид билдирди.

Афғонистондаги тинчлик жараёнида «Беқарор ва вайронкор вазиятдан — тинчлик ва бунёдкорлик сари»деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳим, деб қайд этди Ўзбекистон Президенти. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозимлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида нутқ сўзлар экан, глобал иқлим ўзгаришлари Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдираётганини таъкидлади. Ўзбекистон раҳбари халқаро ҳамжамият эътиборини яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратди.

Шавкат Мирзиёев Орол фалокати оқибатларини юмшатиш бўйича олиб борилаётган ишларни, шу жумладан Оролбўйида икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. Президент Ўзбекистон ташаббуси билан тузилган Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича БМТнинг кўп шериклик Trast жамғармаси оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қилишига умид билдирди.

Ўзбекистон раҳбари Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш таклифини илгари сурди.

Ўзбекистон Президенти қашшоқликни тугатиш вакамбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган Глобал саммитни ўтказишни таклиф этди.

БМТнинг мувофиқлаштирувчи халқаро тузилма сифатидаги марказий ўрнини янада кучайтириш лозимлигини таъкидлаб, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, БМТ ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёр эканини қайд этди.