Бутун дунё бўйича COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 30 миллион кишидан ошди. Бу ҳақда Жонс Ҳопкинс университети томонидан маълум қилинди.

Фото: AP Photo

Университет маълумотларига кўра, бутун дунёда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 30 175 496 кишини ташкил қилмоқда. COVID-19 касаллиги оқибатида вафот этганларнинг сони эса 946 063 кишига етган. Дунё бўйича коронавирусга чалинганларнинг 20 527 308 нафари касалликдан тузалишга муваффақ бўлган.

Дунё мамлакатлари орасида коронавирус қайд этилган беморлар сони бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда. Шу пайтга қадар АҚШда 6,6 миллиондан ортиқ кишига COVID-19 ташхиси қўйилган, 197 минг одам касаллик қурбонига айланган, 2,5 миллион бемор касалликдан тузалган.

Касалланганлар сони бўйича кейинги ўринларни Ҳиндистон (5,1 миллион), Бразилия (4,4 миллион) ва Россия (1,085 миллион) эгаллаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрь куни бир сутка ичида бутун дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 307,9 минг кишига ошиб, коронавирус билан касалланишлар сони бўйича янги суткалик рекорд қайд этилганди.

Маълумот учун, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 30 августда 25 миллиондан, 11 сентябрь куни 28 миллиондан, 14 сентябрь куни эса 29 миллион кишидан ошган.