Турли мамлакатлар ва илмий жамиятлар вакиллари коронавирус борасида бир-бирига зид баёнотлар беришни тўхтатиши лозим. Бу фикрни 17 сентябрь куни ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича дастури раҳбари Майк Райан билдирган.
«Биз кетма-кетликдаги изчил баёнотларга эга бўлишимиз лозим, бу фақат бир мамлакатга ёки ташкилот доирасида эмас, илм-фан ва ҳукумат доирасида ҳам», — дея унинг сўзларини келтирган The Guardian нашри.
Райан ҳукуматлар ва илмий ташкилотларни одамлар тўғри қарор қабул қилиши учун батафсил ва тушунарли маълумот тақдим этишга чақирди. Унинг қўшимча қилишича, бу жараённи «сиёсий футболнинг ўзига хос кўриниши»га айлантирмаслик керак.
Хабарда айтилишича, ЖССТ вакили АҚШ президенти Дональд Трамп ва касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази (CDC) директори Роберт Редфильднинг яқинда эълон қилган бир-бирига зид баёнотлари бўйича шу тарзда изоҳ берган.
16 сентябрь куни Трамп АҚШда аҳоли ўртасида COVID-19 коронавирусига қарши вакцинани кенг миқёсда тарқатиш октябрда бошланиши, 2020 йил охирида 100 миллион доза вакцина тайёр бўлишини айтган. Кейинчалик эса матбуот анжуманида президент воқеалар муваффақиятсиз ривожланган тақдирда вакцинани бироз кўпроқ — ноябрь ёки узоғи билан декабрь ойигача кутиш керак бўлишини қўшимча қилган.
Ундан аввалроқ эса Редфильд АҚШ сенатидаги чиқишида вакцина Америка жамоатчилиги учун 2021 йилнинг иккинчи чораги охири, учинчи чорагида чиқишини маълум қилган.
Ўз навбатида АҚШ бош инфекционисти Энтони Фаучи америкаликлар вакцина кенг тарқалишини 2021 йилнинг биринчи ярмигача кутмасликларини айтиб ўтган эди.
Мавзуга доир:
- ЖССТ коронавирусга қарши курашда вакцинанинг самарадорлигига шубҳа билдирди
- ЖССТ раҳбари коронавирус пандемияси охирги пандемия эмаслигини маълум қилди
- Deutsche Bank ғарб давлатларининг коронавирусга қарши эмланишга қанчалик тайёрлигини баҳолади
- БМТ бош котиби коронавирус билан боғлиқ вазият назорат остидан чиқиб кетганини маълум қилди
Изоҳ (0)