Ўзбекистонда 10 сентябрь соат 23:30 дан 11 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 593 та ҳолат қайд этилди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 46272 нафарга етди. Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1,3 фоизи 11 сентябрга тўғри келди.

ССВ ҳисоби бўйича 380, «Дарё» ҳисоби бўйича 394 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 593 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасидан аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 264 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 182 нафар;
  • Наманган вилоятида — 62 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 47 нафар;
  • Андижон вилоятида — 14 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 6 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 6 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 5 нафар;
  • Хоразм вилоятида — 5 нафар;
  • Навоий вилоятида — 2 нафар.

Кун давомида 10 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқланиши карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Ўша йиғилиш ўтказилган кундан сўнг тўртинчи марта кунлик касалланиш ҳолатлари 370 тадан ошди. Бу тўртала куннинг бари охирги 4 кунга тўғри келди.

Тошкент шаҳрида 264 кишида коронавирус аниқланди. Бир кун олдинга нисбатан касалланишлар сони деярли икки бараварга камайди. 10 сентябрь куни пойтахтда 510 кишида COVID-19 қайд этилиб, антирекорд ўрнатилганди. Тошкентда 3 сентябрдан 10 сентябргача коронавирусга чалинганлар сони фақат ўсиб бораётганди, 11 сентябрга келиб камайишни бошлади. Сентябрнинг 11 кунида Тошкентда касалланганлар сони 2605 нафарга кўпайди. ССВ жадвалидаги 14 та ҳудуддан 12 тасида эпидемия мавсумида ҳали бунча бемор аниқланмаган. Ҳозирда Тошкентда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 28157 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 60,8 фоизи пойтахт ҳисобига тўғри келмоқда.

Тошкент вилоятида 182 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда кетма-кет иккинчи кун касалланганлар сони 180 нафардан ошмоқда. Бир кун олдин 186 кишида коронавирус қайд этилганди. Сентябрда Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 1245 нафарга кўпайиб, умумий касалланганлар сони 8450 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 18,2 фоизига тенгдир. Касалланганларнинг 18,2 фоизи илгари ҳеч қачон Тошкент вилояти ҳисобига тўғри келмаганди.

Наманган вилоятида 62 кишида коронавирус қайд этилди. Наманганда май, июнь, июль, август ва сентябрь ойларидаги кунларнинг ҳеч бирида кунлик касалланиш ҳолатлари 50 тага ҳам етмаганди. Энди эса бир кунда 62 кишида COVID-19 қайд этилди. Сентябрь ойида Наманганда коронавирусга чалинганлар сони 111 кишига кўпайди. Вилоятда касалланганлар сони 1020 нафарга етди. Наманган коронавирусга чалинганлар сони 1000 нафардан ошган Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан сўнг еттинчи ҳудуд бўлди.

Самарқанд вилоятида 47 кишида коронавирус аниқланди. Бу охирги 34 кун ичидаги (9 августдан бошлаб) вилоятда энг кўп касаллик аниқланган кун бўлди. Сентябрь ойида вилоятда фақат 2 ва 8 сентябрь кунлари янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида касалланганлар сони 135 нафарга кўпайди. Вилоятнинг Жомбой туманида янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида текширувдан ўтказилган 1934 нафар ўқитувчидан 40 нафарида коронавирус аниқланган. Сўнгги кунларда коронавирусга чалинганлар сонининг ортишидан келиб чиқиб, Жомбойда янги ўқув йили умумтаълим мактабларида 14 сентябрдан эмас, балки 16 сентябрдан тажриба-синов сифатида бошланадиган бўлди.

Андижон вилоятида 14 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда 9 кундан буён узлуксиз равишда касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Ушбу 9 кун ичида вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 77 нафарга кўпайди ва Андижонда касалланганларнинг умумий сони 1287 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 2,8 фоизи Андижон вилояти ҳисобига тўғри келмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 6 кишида коронавирус аниқланди. Республикада охирги 23 кун ичида 12 марта янги касалланиш ҳолатлари рўйхатга олинган бўлса, бу кунларда биринчи марта янги беморлар сони 4 нафардан ошди. Қорақалпоғистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 468 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича касалликка чалинганларнинг 1 фоизига тенг деганидир.

Фарғона вилоятида 5 кишида COVID-19 аниқланди. Сентябрь ойида вилоятда фақат 6, 8 ва 10 сентябрь кунлари янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида Фарғонада касалланганлар сони 31 кишига кўпайди. Фарғонадаги жами касалланганлар сони 354 нафарни ташкил этмоқда. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 0,76 фоизига тенгдир.

Хоразм вилоятида 5 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрнинг 11 кунидан 6 тасида вилоятда янги касалланганлар рўйхатга олинди. Ой давомида COVID-19 қайд этилганлар сони 33 нафарга кўпайиб, касалланганларнинг умумий сони 503 нафарга етди. Хоразм вилояти коронавирусга чалинганлар сони 500 нафардан ошган Ўзбекистондаги 11-ҳудуд бўлди. Ундан орқароқда фақат Қорақалпоғистон, Фарғона ва Жиззах бор.

Навоий вилоятида 2 кишида коронавирус аниқланди. ССВ жадвали бўйича вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 514 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 1,1 фоизига тенг деганидир.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 5 нафар, Тошкент вилоятида 1 нафар ҳамда Қашқадарё вилоятида 1 нафар, жами 7 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди.

Биринчи ўлим. Қашқадарёлик 54 ёшли А.Ж. исмли эркак вафот этган. Унинг қайси тумандан эканлигига аниқлик киритилмаган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшовчи 37 ёшли Ш.Г. исмли аёл вафот этган. Унинг қайси тумандан эканлигига аниқлик киритилмаган.

Учинчи ўлим. Тошкент вилояти Паркент туманида яшаган 62 ёшли Х.А. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 49 ёшли З.Д. исмли аёл вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 69 ёшли Б.А. исмли аёл вафот этган.

Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшаган 78 ёшли О.Ф. исмли аёл вафот этган.

Еттинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 60 ёшли Д.Т. исмли эркак вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 380 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 394 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:

  • 9 ва 15 июль кунлари Олмалиқ шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёл;
  • ДХА Навоий вилояти бошқармаси ходими Адҳамжон Деҳқонов;
  • Маданият вазирлиги ходими Акмал Ирисов;
  • Чилонзор тумани СЭОМ бактериология лабораторияси мудири Марҳабо Аҳмедова;
  • Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи Ҳакимбай Халимов;
  • Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Хайриддин Шермуҳамедов;
  • Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов;
  • Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов;
  • Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри артисти Жанабай Утепбергенов;
  • Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Ўзбеккино» миллий агентлиги Бадиий кенгаши аъзоси Анвар Эргашев;
  • «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Сергей Вюненко;
  • Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев;
  • Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан COVID-19 касаллигидан тўлиқ тузалганлиги ҳақида сохта маълумот бўйича руҳий касалликлар диспенсерига оғир аҳволда юборилган ва шу ерда вафот этган 39 ёшли Ф.Рустамов.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди. Қашқадарёда яна бир тиббиёт ходими, хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида вафот этди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган хусусий клиника масъулларининг таъкидлашича, Тўрақул Холиқов сўнгги бир ой давомида коронавирус касаллигидан даволаниб келган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2869 нафар бемордан 475 нафари оғир, 228 нафари эса ўта оғир аҳволда. Сентябрь ойига келиб аҳволи оғир ва ўта оғир беморлар сони ошиб бормоқда. 16 сентябрь кунлари аҳволи оғир беморларнинг умумий сони 500—600 оралиғида бўлган бўлса, 710 сентябрь кунлари 600—700 оралиғида бўлди, энди эса 700 нафардан ошиб, 703 нафарга етди. Бу охирги 25 кун ичидаги энг юқори кўрсаткич. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 24,5 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди. Бошқача айтганда, ҳар 4 нафар бемордан 1 нафарининг аҳволи оғир.

Касалликдан даволаниш

11 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида 468 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Сентябрда олтинчи марта кунлик соғайиш кўрсаткичи янги касалланиш ҳолатларидан паст бўлди.

Янги тузалганларнинг

  • 285 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 157 нафари Тошкент вилоятида;
  • 10 нафари Наманган вилоятида;
  • 6 нафари Андижон вилоятида;
  • 5 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 3 нафари Навоий вилоятида;
  • 2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 46 272 нафар бемордан 43 023 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда. Бир кун ичида бу борадаги кўрсаткич ўзгаргани йўқ. Аммо 5-9 сентябрь кунлари даволаниш кўрсаткичи пандемия даврида илк марта 94 фоизга чиққанди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 2869 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. Тўрт кун аввал даволанишни давом эттираётган беморлар сони 2027 нафарни ташкил этаётганди. Энди эса сўнгги 15 кун ичидаги энг ёмон кўрсаткичга чиқди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 1949 нафар. Навоийда 7, Жиззахда 10, Фарғонада 11, Қорақалпоғистонда 16, Сурхондарёда 19, Хоразмда 22, Сирдарёда 33, Бухорода 33, Қашқадарёда 57, Андижонда 65, Наманганда 88, Самарқандда 174 ва Тошкент вилоятида 385 нафар бемор қолди.