«Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Сергей Вюненко вафот этди, дея хабар бермоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги.

Фото: «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти

Маълумот учун, Сергей Вюненко 1978 йилда Қозоғистоннинг Павлодар шаҳрида туғилган. Евросиё Инновацион университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1998 йилда «Қозоғистон алюмин» акциядорлик жамиятида қувурлар монтажчиси вазифасидан бошлаган. Кейинчалик йирик металлургия корхоналарида турли масъул лавозимларда меҳнат қилган.

Сергей Вюненко 2017 йилдан бошлаб «Ўзметкомбинат» АЖда иш бошлаган. Дастлаб комбинат бош муҳандиси, бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, бошқарув раисининг ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринбосари, 2020 йилдан эса «Ўзметкомбинат» АЖнинг бошқарув раиси вазифаларида меҳнат қилиб келган.

«Сергей Анатолевич Вюненко Ўзбекистон Республикасида қора металлургия саноати ривожига катта ҳисса қўшди. У ўзига ва корхона раҳбар ва мутахассисларига жуда талабчан эди. Унинг раҳбарлигида ферроқотишмалар, пўлат симлар ва бошқа турдаги металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, йирик инвестиция лойиҳаси – ‘Қуюв-прокатлаш мажмуаси қурилиши’ ишлари бошланди.

Сергей Вюненко металлургларнинг фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратар эди. Сергей Вюненко Тошкент вилояти аҳолиси қалбида малакали ва тажрибали раҳбар сифатида абадий қолади», – дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Фото: «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти

Бекобод шаҳар ҳокими Зафар Файзуллаев Сергей Вюненкони ёд этиб, комбинат раиси коронавирус оқибатида вафот этганини билвосита таъкидлаб ўтган.

«Пандемиянинг асоратларини енгиллатиш учун Сергей Анатолевич нафақат комбинатда, балки шаҳримизда ҳам кўп ишларни амалга оширди. У юзлаб инсонлар соғлиғини, керак бўлса ҳаётини асрашга катта ҳиссасини қўшди. Афсуски, ўзини асролмади. Унинг ёрқин хотираси қалбларимиз яшайди» – дейди Зафар Файзуллаев.

«Дарё» манбасининг хабар беришича Сергей Вюненко коронавирус асоратидан вафот этган. Бу «Дарё» ҳисоби бўйича 370-ўлим ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ўлимни ҳозирча тасдиқламади.