Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўсмирлар ва чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдамни ташкил этиш маркази директори Ибрагим Уринбаев 74 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.

Фото: ССВ

Маълумот учун, Ибрагим Уринбаев 1946 йил 11 декабрда Фарғона вилоятида туғилган. 1970 йил Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология станцияси врач-эпидемиологи сифатида бошлаб, қатор тизим муассасаларида масъулиятли лавозимларда ишлаган. Жумладан, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари, Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари каби лавозимларда фаолият юритган. У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвонига сазовор бўлган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги бутун меҳнат фаолиятини тиббиёт соҳасига бахш этган фидойи шифокор, ташкилотчи раҳбар Уринбаев Ибрагим Зайлиевичнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», – дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик 8 сентябрда берган маълумотига кўра, Учтепа туманида яшаган 74 ёшли И.У. вафот этганини маълум қилди. Шунга асосан, Ибрагим Уринбаев коронавирус асоратидан вафот этгани тасдиқланди.