Президент Владимир Путин Россияда коронавирусга қарши биринчи вакцина рўйхатан ўтказилганини маълум қилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».

Фото: Спутник

«Менга маълум бўлишича, бугун эрталаб дунёда илк бор янги коронавирус инфекциясига қарши вакцина рўйхатдан ўтказилди», — деган у ҳукумат аъзолари билан ўтказилган йиғилишда. Президент Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашкодан бу ҳақда батафсил маълумот беришни сўраган.

Мамлакат раҳбарининг таъкидлашича, вакцина самарали, барқарор иммунитетни шакллантиради ва барча керакли синовлардан ўтди. Шунингдек, унинг қизларидан бири ушбу вакцина билан эмланганини айтган, бироқ айнан қайси қизи эканлигига тўхталиб ўтмаган.

Президентнинг сўзларига кўра, биринчи эмланишдан сўнг қизининг тана ҳарорати 38 даражагача кўтарилган, эртаси куни эса 37 даражагача тушган. «Бўлди. Иккинчи муолажадан сўнг тана ҳарорати яна бироз кўтарилиб, кейин тушди. Ўзини яхши ҳис қиляпти», — деган у.

Путин Россияда вакцинани оммавий ишлаб чиқаришни ташкил этишига умид қилмоқда. Унинг таъкидлашича, Россияда эмлаш ихтиёрий бўлиши керак.

Ўз навбатида мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашконинг билдиришича, вакцина у яратилган Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология маркази, шунингдек, Зеленограддаги «Биннофарм» компанияси томонидан, кейинчалик бошқа корхоналарда ҳам ишлаб чиқарилади.

Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова эса шифокорларни коронавирусга қарши эмлаш август охирлари – сентябрь бошларида бошланишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Фармацевтика компаниялари ва илмий-тадқиқот ташкилотларини бирлаштирган Клиник тадқиқотлар ташкилотлари ассоциацияси Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигини Гамалей номидаги Эпидемиология ва микробиология марказида ишлаб чиқилган вакцинани рўйхатдан ўтказишни кечиктиришга чақирганди.

Ассоциация вакцина яратувчилари унинг синовларини ҳатто юзлаб одамлар иштирокида ҳам якунламагани, бундан ташқари вакцина асосида синовлари ҳали ҳам давом этаётган MERS’га қарши бошқа вакцина борлигини билдирган ва шу сабабли унинг самарадорлиги тўғрисида хулоса беришга ҳали асос йўқ деб топган.

Аввалроқ Россияда вакцина синови якунлангани ва оммавий эмлаш октябрда бошланиши, шунингдек, мамлакатда ҳар ойда миллионлаб доза вакцина ишлаб чиқарилиши ҳақида хабар берилган эди.