Ўзбекистонда 13 июль куни соат 23:30 дан 14 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 494 та ҳолат аниқланди. Бир кун олдинги антирекорддан 100 нафар кам одамда касаллик аниқланди деганидир. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 14085 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 303 нафари карантин муассасаларида (Тошкент шаҳрида — 169 нафар, Самарқанд вилоятида — 52 нафар, Сурхондарё вилоятида — 27 нафар, Қашқадарё вилоятида — 21 нафар,  Навоий вилоятида — 15 нафар, Наманган вилоятида — 13 нафар, Қорақалпоғистонда — 6 нафар);
  • 191 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 186 нафар, Жиззах вилоятида — 3 нафар, Наманган вилоятида — 2 нафар).

Кун давомида 8 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилди. Ушбу ҳудудларнинг 3 тасида аҳоли орасида 196 та ҳолат қайд этилди. ССВ 14 июль куни хориждан келиб карантинга олинганлар орасида касаллик аниқланиши билан боғлиқ янги ҳолатлар ҳақида хабар бермади. «Дарё» нашри 1 июндан буён касалланиш ҳолатлари бўйича кунлик ҳисобот эълон қилиб бормоқда. 1,5 ой ичида ҳали бунақаси бўлмаганди. 911 июль оралиқларида хориждан келган фуқаролардан ҳар куни 200 тадан ортиқ касалланиш ҳолатлари кузатилаётганди. 12 июлда 174 та, 13 июлда эса 83 касаллик юқтириш ҳолати қайд этилганди.

Тошкент шаҳрида касаллик қайд этилган 355 та ҳолатдан 169 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 186 таси аҳоли орасида аниқланди. Пойтахтда бундан ҳам кўп бемор аниқланган кун фақатгина бир марта бўлган. 13 июль куни Тошкентда 448 кишида коронавирус қайд этилганди. Охирги 7 кун ичида Тошкент шаҳрида аҳоли орасида қайд этилган ҳолатлар 1000 тадан ошди. 8—14 июль оралиғида Тошкентда аҳоли орасида 1163 киши касаллик юқтириб олгани маълум қилинди. Тошкентдаги беморлар сони 10 минг нафардан ошди. ССВнинг жадвалида Тошкент шаҳри ва вилоятининг, шунингдек, Сирдарё вилоятининг кўрсаткичлари бирга олиб борилади. Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш қайд этилган 14 мингдан ортиқ ҳолатнинг 72 фоизи Тошкентга тўғри келмоқда. Тошкентда жами касалланиш ҳолатларининг 43 фоизи июль ойига тўғри келмоқда.

Самарқанд вилоятида карантинга олинганлар орасида 52 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда 11 июль куни ҳам 52 кишида коронавирус тасдиқлангани хабар қилинганди. Самарқанд вилояти Тошкентдан сўнг касалланганлар сони бўйича иккинчи ўринда турибди. Самарқанд вилоятида июль ойининг ўзида коронавирусга чалинганлар сони 206 кишига кўпайди. Бу вилоятдаги беморларнинг 31 фоизи деганидир.

Самарқандда 9 июлдан бери фақат коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида касаллик аниқланаётгани ҳақида хабар берилмоқда. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Самарқанд шаҳрида гиёҳванд моддаларни сотаётганида қўлга олинган шахсда коронавирус аниқланганини маълум қилди. 38 ёшли У.Д. 10 июль куни ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов департаменти хабарида дастлабки тергов жараёнида У.Д. COVID-19 касаллиги билан хасталанганлиги аниқланиб, зудлик билан унга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чорасига алмаштирилгани ва У.Д. карантинга олингани айтилади. Гиёҳванд моддалар сотувчисида касаллик аниқланиши аҳоли орасида коронавирус қайд этилиши деб ҳисобланиши керак. Чунки У.Д.да касаллик аниқланганидан сўнг у карантинга олинган.

Сурхондарё вилоятида аниқланган 27 та ҳолатнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида қайд этилди. Вилоятда 3 июль куни карантиндагилар орасида бундан ҳам кўп касалланиш ҳолати кузатилган — 69 та. Сурхондарёда коронавирусга чалинганлар сони 200 нафардан ошди. Июль ойининг ўзида вилоятда 107 кишида касаллик аниқланди. Бу Сурхондарёда аниқланган барча касалланиш ҳолатларининг 51 фоизи деганидир.

Қашқадарё вилоятида қайд этилган 21 та ҳолатнинг ҳаммаси карантиндагилар орасида аниқланди. Вилоятда 9 июлдан бери янги ҳолатлар қайд этилмаганди. Июль ойида Қашқадарёда касалланганлар сони роппа-роса 200 нафарга кўпайди. Вилоятдаги касалланиш ҳолатларининг 50 фоизи июль ойига тўғри келди.

Навоий вилоятида аниқланган 15 та ҳолат карантиндагилар орасида қайд этилди. Навоийда бир кун олдин Халқ банкининг Нурота филиалида 8 ходимда, Навоий шаҳар филиалида 1 ходимда коронавирус аниқланганди. Шундан сўнг ушбу филиаллар карантинга олинганди. Навоийда жами касалланиш ҳолатларининг 20 фоизи июлда аниқланди.

Наманган вилоятида қайд этилган 15 та ҳолатнинг 13 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 2 таси аҳоли орасида аниқланди. Ой бошидан бери вилоятда 143 кишида касаллик аниқланди. Бу Намангандаги жами касалланиш ҳолатларининг 32 фоизи деганидир.

Қорақалпоғистонда аниқланган 6 та ҳолатнинг барчаси карантиндагилар орасида қайд этилди. Мазкур ҳудудда июль ойининг 1, 7, 8, 9, 10 ва 11-саналарида ҳам касаллик аниқланган ва бу кунларнинг барчасида аҳоли орасида ҳам вирус юқтириб олиш ҳолатлари қайд этилганди. Ой бошидан бери республикада касалланганлар сони 84 нафарга кўпайди. Бу Қорақалпоғистондаги жами касалланиш ҳолатларининг 35 фоизидир.

Жиззах вилоятида аҳоли орасида 3 кишида касаллик қайд этилди. Жиззах вилоятига 25 июнь куни коронавирус қайтганидан бери касаллик қайд этилган кунларда, албатта, аҳоли орасида ҳам касаллик аниқланмоқда. 25 июнь куни 2 та ҳолат ҳам, 29 июнь куни 5 тадан 4 таси, 2 июль куни 33 тадан 27 таси, 7 июль куни 2 та ҳолат ҳам, 9 июль куни 16 та ҳолатдан 10 таси, 10 июль куни 11 та ҳолатнинг барчаси аҳоли орасида қайд этилганди. Жиззахда жами касалланиш ҳолатларининг 87 фоизи июль ойига тўғри келди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати COVID-19 касаллигининг асосий клиник аломатлари ва кунлик жадвали ҳақидаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотларга асосланган инфографикани эълон қилди.

Фото: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати

Фото: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 июль, сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатнинг карантин қоидаларини кучайтириш зарур бўлган ҳудудларида уларни кучайтириш, юмшатиши зарур бўлган ҳудудларда эса юмшатиш лозимлигини таъкидлади.

Президент, шунингдек, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга бир кун муддатда амалдаги тест-таҳлил топшириш жараёнини қайта кўриб чиқиш, аҳоли учун қулай тизимни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

14 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида 3 нафар, Қашқадарё вилоятида 1 нафар, жами 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди. Тошкентда вафот этганларнинг икки нафари эр-хотинлардир.

Биринчи ўлим. Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида яшовчи 56 ёшли Б.V. исмли эркакда 5 июль кунидан 10 июлгача тана ҳарорати кўтарилиб, ҳолсизлик кузатилган. 11 июль куни эса тана ҳарорати тушмай, ҳолсизлик ва йўтал кучайганлиги ҳамда нафас етишмовчилиги белгилари пайдо бўлганлиги сабабли COVID-19 инфекциясига намуна топширган ва касаллик тасдиқланган.

Бемор оғир аҳволда вилоят Фтизиатрия ва пульмонология маркази реанимация бўлимига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмония оғир кечиши, нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этган. 56 ёшли эркак коронавирус асоратларидан вафот этган Қашқадарёдаги иккинчи, Ўзбекистондаги 64-бемор бўлди.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшовчи 61 ёшли Ф.А. исмли эркак 10 кун давомида тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик, йўтал, ҳансираш белгилари билан уйида даволанган. Аммо даво муолажалари натижа бермагандан сўнг COVID-19 инфекциясига намуна топширган ва касаллик тасдиқланган. 13 июль куни бемор ўта оғир аҳволда Тошкент тиббиёт академияси клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама бронхопневмония, нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, у қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония каби ҳамроҳ хасталиклар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас, сурункали жигар ва буйрак ҳамда ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди. 61 ёшли эркак коронавирус асоратларидан вафот этган Тошкент шаҳридаги 34, Ўзбекистондаги 65-бемор бўлди.

Учинчи ва тўртинчи ўлим. Олмазор туманида яшовчи 68 ёшли К.А. исмли эркак ва унинг турмуш ўртоғи 67 ёшли С.А. тана ҳарорати 38 даражагача кўтарилиши, умумий ҳолсизлик сабабли 5 июль куни тез тиббий ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган. Беморлардан COVID-19 инфекциясига намуна олинган ва касаллик тасдиқланган.

Уларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шаҳар 1-сонли клиник шифохонасига олиб келиниб, реанимация бўлимига ётқизилган. Ҳар икки беморда ўткир нафас етишмовчилиги кузатилгани сабабли сунъий нафас олдириш аппаратига олинган. Уларга COVID-19 инфекцияси оғир кечиши, икки томонлама пневмония, ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардияси, гипертония артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан эр-хотин беморларнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этган. 68 ва 67 ёшли эр-хотин коронавирус асоратларидан вафот этган Тошкент шаҳридаги 35-36, Ўзбекистондаги 66—67-бемор бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида ҳам коронавирус асоратларидан 72 ёшли отахон ва унинг 70 ёшли рафиқаси ҳаётдан кўз юмганди.

Охирги беш кун ичида биричи марта вафот этганлар сони 3 нафардан ошди. Коронавирус асоратларидан вафот этган беморларнинг 67 нафаридан 40 нафари июль ойида ҳаётдан кўз юмди.

«Ҳозир эпидемиологик вазиятимиз жуда оғир. Агар ўзимиз карантинга эътибор қилиб, чора-тадбирлар кўрмас эканмиз, рақамлар кўпайиб кетмоқда. Мени энг безовта қилаётгани — ўлим ҳам кўпаймоқда», — деди Шавкат Мирзиёев 14 июлдаги йиғилишда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 5691 нафар бемордан 52 нафари оғир, 6 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввал аҳволи оғир беморлар сони 45,  аҳволи ўта оғир беморлар 7 нафарни ташкил этаётганди. Бу орада эса 4 нафар беморнинг вафот этгани ҳақида хабар берилди.

Касалликдан даволаниш

14 июль куни 297 нафар фуқаро коронавирусдан соғайди. Улардан

  • 111 нафари Андижон вилоятида;
  • 79 нафари Тошкент вилоятида (Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида 38 нафар, Нуронийлар сиҳатгоҳида 41 нафар);
  • 56 нафари Тошкент шаҳрида (Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида 29 нафар, Вирусология илмий текшириш институти клиникасида 18 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасида 5 нафар, 3-сон туғруқ комплексида 4 нафар);
  • 19 нафари Навоий вилояти;
  • 15 нафари Наманган вилоятида;
  • 7 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 6 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 4 нафари Фарғона вилоятидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди.

Андижонда бир йўла 111 нафар бемор соғайди. Бу вилоят учун рекорд. Андижондаги баъзи беморлар жуда тез соғайганини қайд этиш керак. Чунки 10 июль ҳолатига кўра вилоятда даволанаётган беморлар сони 113 нафарни ташкил этаётганди. 11 июлда эса 31 киши шифохоналардан кузатилиб, яна 62 кишида коронавирус аниқланганди. Демак, 14 июль куни соғайган беморлар орасида касаллик 11 июлда қайд этилганлари ҳам бор.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов 10 июлда вилоят аҳолисига қилган мурожаатида Самарқандда коронавирусдан соғайганлар сони 475 нафарга етганини маълум қилганди. ССВ ҳисоби бўйича вилоятда вирусдан соғайганлар сони мана энди 475 нафарга етди.

Бир кунда 297 киши даволаниши бу янги рекорд. Бундан аввалги рекорд 8 июлда ўрнатилган бўлиб, ўша куни 249 нафар бемор соғайганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқиловнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳрида 16 та шифохона коронавирусга чалинган фуқароларни даволаш учун ишламоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги яна бешта шифохонада касалликнинг енгил ва ўрта даражаси билан оғриган, яъни қўшимча кислородга муҳтож бўлмаган беморлар даволанмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Зангиотадаги махсус клиника очилганига бир ҳафта бўлмасдан беморларга тўлиб бўлди. Агар касаллар сонининг ошиши шу тарзда давом этса, бошқа клиникалар ҳам коронавирусни даволаш учун мослаштирилиши мумкин.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 14 085 нафар бемордан 8327 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 59 фоизни ташкил этмоқда. Бу борадаги кўрсаткич бир сутка ичида ўзгармади. Ҳудудлар бўйича фақат Қашқадарё вилоятида даволаниш кўрсаткичи 50 фоиздан паст бўлиб турибди.

Айни пайтда 5691 нафар бемордан 4801 нафари Тошкент шаҳри ва вилоятида даволанмоқда. Фарғонада 14, Хоразмда 21, Жиззахда 31, Навоийда 44, Бухорода 60, Андижонда 61, Қорақалпоғистонда 63, Сурхондарёда 78, Наманганда 124, Самарқандда 178 ва Қашқадарёда 216 нафар бемор қолди.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 55 657 нафар, стационар карантинда эса 22 585 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидагилар сони 4102 нафарга кўпайган бўлса, стационар карантиндагилар сони 1275 нафарга камайди. Июнь ва июль ойларида уй карантинидагилар сони 55 мингга ҳеч ҳам етмаганди.