ЎзА бош директори ўринбосари, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев «Улар» лойиҳасига интервью берди. Суҳбат давомида Хушнудбек нега МТРКнинг баъзи каналларида унга нисбатан тақиқ қўйилгани ҳақида сўзлаб берди.

Фото: «Улар» кўрсатувидан скриншот

«2014 йил эди. У пайт шахсий сайтимни кўпроқ юритар эдим. Мустақиллик арафасида ‘Ёшлар’, ‘Наво’ ва ‘Болажон’ каналлари (экран) тепасида айланиб турадиган логотип қилишган. У ерда Ўзбекистон байроғи тескари бўлиб қолган… Уни скриншотини олиб, сайтимда ёзганман ‘Телеканалларда Ўзбекистон байроғи алмашиб қолди’ деб. Уни олиб ‘Kun.uz’ чиқарди. У вақтда ‘Kun.uz’ни Муҳрим (Аъзамхожаев) юритар эди, адашмасам. Кейин тарқалиб кетди. ‘Daryo.uz’да, интернетда муҳокама бўлди. Кейин ‘Ёшлар’ телеканалидан телефон қилишди. Ўзимизга айтсангиз бўлар эди, шуни чиқариш шарт эдими, кеча ‘Ёшлар’да кўрсатувда чиқдингиз-ку, деб. Бўлди, агар тўғрилаб қўйсанглар, ўчириб ташлайман, дедим. Мана шу танқиддан кейин ўша пайтдаги канал раҳбарияти ўзларининг қўл остидаги учта каналда менга ‘запрет’ қўйишган. Шундан кейин ‘қора рўйхат’га тушиб қолганман», — деди Хушнуд Худойбердиев.

Хушнудбек юқоридаги вазиятни илгари «қора рўйхат»ларнинг қай даражада мантиқсиз ва аҳмоқона эканига мисол деб атади.

«Биз ўйлаймиз ‘қора рўйхат’ тепадан бўлса керак, деб. Йўқ, пастдагилар ҳам ўзлари шахсий томорқасига ўхшатиб қилаверган», — дейди ҳуқуқшунос.

Хушнудбекнинг айтишича, бу тақиқ 2017 йил, тузум ўзгаргандан сўнг, олиб ташланган.