Ижтимоий тармоқларда «Тошкентдаги тест олиши мумкин бўлган аксарият хусусий клиникалар 10 июль, жума кунидан бошлаб тест олишни ҳам тўхтатгани» ҳақида хабарлар тарқалди. Жумладан, Telegramдаги @bankers_uz канали муаллифи айни шу ҳолат сабаб коронавирусга тест топшира олмагани ҳақида ёзган.

«Тошкентда тест олиши мумкин бўлган аксарият хусусий клиникалар жума кундан тест олишни ҳам тўхтатганини эшитиб, ҳафсалам пир бўлган бўлса-да, бугун (11 июль куни) иккита жойда тест олиняпти деган хабар келди. Иккаласига ҳам эрталабдан телефон қилдим. Тушликдан кейин келаверинг деган жавобни олгач, уйимга яқинроғига бордим. Борсам: ‘Англашилмовчилик бўлибди, биз тест олмаяпмиз’, дейишди. Ҳа майли деб, ТАПОиЧ тарафдаги ‘тест оляпмиз, келаверинг’ деган яна бир хусусий ‘клиникача’га бордим. Уларда ҳам шу гап — ‘ресепшндаги одам билмай жавоб берворган’муш», — деб ёзади канал муаллифи.

Ушбу ҳолат тармоқда хусусий клиникаларга тест ўтказишни тўхтатиш ҳақида топшириқ берилган бўлиши мумкинлиги ҳақида мулоҳазалар пайдо бўлишига сабаб бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги (СЭОА) Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлимидан «Дарё»га маълум қилишларича, хусусий клиникаларга коронавирусга тест олишни тўхтатиш ҳақида топшириқ берилгани ҳақидаги гап-сўзлар ҳақиқатга мос келмайди.

Таъкидлашларича, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирусга тест олиш жараёнини ташкил этишда хусусий клиникаларга имкон қадар шароит яратиб беришга интилмоқда. У ёки бу клиниканинг ҳозирги вақтда коронавирусга тест олишни вақтинча тўхтатиб қўйгани ушбу муассасаларнинг карантинга тушгани билан боғлиқ бўлиши мумкин, «мойка» жараёни якунига етгач, улар ўз фаолиятини яна аввалгидек давом эттираверади.

«Дарё» мухбирлари коронавирусга тест олиши айтилган бир қатор хусусий клиникаларда изоҳ олишга уринди, бироқ уларнинг ҳеч бири билан боғланиб бўлмади — аксарият клиникаларнинг телефон рақамлари ўчирилган, бошқалариники эса мунтазам банд. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса хусусий клиникаларда тестлар қолмагани ҳақида ёзмоқда.