Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшаган 53 ёшли М.К. исмли аёл коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда; вазирлик ахборотида аёл айнан қачон вафот этганига аниқлик киритилмаган.
ССВ ахборотида қайд этилишича, аёл Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида даволанган (вазирлик ахборотида аёл айнан қачон касалхонага жойлаштирилгани айтилмаган). Унга COVID-19 оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.
Қайд этишларича, аёл шунингдек юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония ҳамроҳ касалликлари билан оғриган. Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.
«Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди», — дейилади ССВ ахборотида.
Бунгача Ўзбекистонда 57 киши коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 11 июль соат 23:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ жами 12 513 та ҳолат рўйхатга олинган. Шу вақтгача беморларнинг 7 723 нафари соғайган.
Изоҳ (0)