Ўзбекистонда 12 июль соат 10:00 ҳолатига кўра расман 4925 киши коронавирусдан даволанмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. Қайд этиш жоиз, жами касалланиш ҳолатлари сони 12 706 тага етган.
«Ҳозирда мамлакатимизда 4925 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 45 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда», — дейилади вазирлик ахборотида.
Ушбу беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз кечаётганига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида аниқлик киритилмаган. Маълумот учун, 5 июлдан бошлаб Ўзбекистонда коронавирус инфецияси аломатсиз кечаётган беморлар уй шароитида даволаниши мумкин.
Аввалроқ Республика махсус комиссияси 10 июль ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг мавжуд соғлиқни сақлаш муассасалари қуввати коронавирусга чалинган янги беморларни қабул қилиш учун етарли эмаслиги, «тизимни қайта тиклаш» учун 1 августгача кучайтирилган карантин тартиби қайтадан жорий этилганини маълум қилган эди. Ўша вақтда коронавирусдан даволанаётган беморлар сони расман 3986 нафар эди.Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг фикрича, Ўзбекистонда коронавирус ҳали энг юқори чўққиси чиқмаган. Профессор Ҳабибулла Оқиловнинг таъкидлашича, агар Ўзбекистонда кунига 1—1,5 мингта касалланиш ҳолати аниқланса, соғлиқни сақлаш тизимимиз «қўшни мамлакатларники каби» қулайди.
Эътиборга молик томони, профессор Оқилов 8 июль куни қилган чиқишида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ресурслар «поёнига етгани», бўш койка-ўринлар қолмаганини маълум қилган эди. 9 июлдаги брифингда эса Оқилов «койка-ўринлар, дори захираси мавжуд»лигини, тизим «ҳар қанча беморни қабул қила олиши»ни таъкидлади.
Изоҳ (0)