ЮНИСЕФ (БМТнинг болалар фонди) ва Осиё тараққиёт банки 29 июнь, душанба куни Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига мамлакатда коронавирусга қарши курашда ёрдам кўрсатиш учун тиббий буюмларни топширди. Бу ҳақда мазкур халқаро ташкилотлар ваколатхоналарига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Қайд этилишича, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга тиббий асбоб-ускунлар, шахсий ҳимоя воситалари ва лаборатория жиҳозлари сотиб олиш учун 1,36 миллион доллар миқдорида грант ажратган. Грантнинг биринчи транши сифатида ЮНИСЕФ коронавирус тестларини ўтказиш учун ишлатиладиган лаборатория асбобларини харид қилди ва Ўзбекистонга етказиб берди.

Банк грантининг кейинги траншлари COVID-19 билан оғриган беморлар учун олиб юриладиган пульсоксиметр ва кислород концентраторлари, тиббий ходимлар учун ҳимоя кийимлари ва ниқоблар харид қилиш мақсадида ишлатилади.

Харид қилинган тиббий ва лаборатория жиҳозлари, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига, жумладан, мамлакатнинг узоқ туманларига тарқатилади.

Аввалроқ Осиё тараққиёт банки коронавируснинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини камайтириш учун 500 миллион доллар кредит ажратгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон коронавирусга қарши кураш учун Осиё тараққиёт банкидан 1 миллиард доллар сўраганди.