«Манчестер Юнайтед» ҳамон Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумкор ярим ҳимоячиси Жейдон Санчога қизиқиш билдирмоқда, аммо «қизил иблислар» раҳбарияти мазкур трансфер учун 50 миллион фунтдан (55 миллион евро) кўпроқ маблағ ажратмоқчи эмас, дея хабар беради Sky Sports.

Фото: The Sun

«Боруссия Д» эса Санчонинг трансфер қийматини 100 миллион фунтга (110 миллион евро) баҳоламоқда. Дортмунд клуби хўжайинлари 20 ёшли англиялик футболчини сотиш борасида музокараларда муросага келмоқчи эмас.

Аввалроқ клуб ижрочи директори Ҳанс-Йоахим Вацке Жейдон Санчо учун зарур бўлган маблағни тўлашни ҳеч ким ўзига раво кўра олмаслигини айтганди.

Санчо 2017 йилнинг ёзида «Манчестер Сити»дан 8 миллион евро эвазига «Боруссия»га кўчиб ўтган. У жорий мавсумда клуб даражасидаги барча мусобақаларда 44 та ўйин ўтказиб, 20 та гол ва худди шунча голли узатмага муаллифлик қилди.