Тошкент вилояти Пискент туманида Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга киритишни ваъда қилган мактаб ўқитувчиси ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Пискент туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, тумандаги 13-сонли мактаб ўқитувчиси бир фуқарони танишлари орқали Тошкент давлат педагогика университетининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 3,5 минг АҚШ доллари ва 3,8 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўқитувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми ва 28, 211-моддаси (Жиноят иштирокчиларининг турлари, пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.