«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
23:45, 22.06.2020 106269

Ўзбекистонда 22 июнь куни 146 кишида коронавирус аниқланди. Барча ҳолатлар Тошкент шаҳри ва вилоятида қайд этилди

Ўзбекистонда 21 июнь соат 23:00 дан 22 июнь соат 23:00 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 146 та ҳолат қайд этилди. Бу охирги 4 кун ичидаги энг паст кўрсаткич. 19 июнда 179 кишида, 20 июнда 207 кишида ва 21 июнда 162 кишида касаллик аниқланганди. 22 июнда қайд этилган янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 6461 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 136 нафари карантин муассасаларида;
  • 5 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 4 нафар, Тошкент вилоятида — 1 нафар);
  • 5 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (уларнинг бари Тошкент вилоятида) аниқланган.

Кун давомида аниқланган 146 та ҳолатнинг барчаси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қайд этилди. Июнь ойида ҳали бунақаси кузатилмаганди.

Аҳоли орасида касалланиш ҳолати аввалги кунларга нисбатан анча паст бўлди — кун давомида 5 та ҳолат қайд этилди. Ушбу ҳолатларнинг 4 таси пойтахтда, биттаси Тошкент вилоятида аниқланди. Охирги марта 13 июнь куни аҳоли орасидаги янги касалланиш ҳолатлари 5 тани ташкил этганди. Аммо ўша куни касалланганларнинг умумий сони 97 нафарни ташкил этганди.

22 июнь куни Ўзбекистондаги туман ва шаҳарлар эпидемиологик тоифалари янгиланган рўйхати эълон қилинди. 20 июнь ҳолатига кўра берилган рўйхатда Тошкент шаҳри «сариқ»лигича қолди.

22 июнь куни Республика махсус комиссиясининг янги қарори ҳам эълон қилинди. Унга мувофиқ, Тошкент шаҳрида коронавирус инфекцияси аниқланган «қизил» ҳудудларни блокпостлар ўрнатган ҳолда маҳалла, даҳалар ва кўчалар кесимида ёпилиши, карантинга олинган фуқароларнинг уйи олдида 24 соатлик навбатчилик ташкил этилиши белгиланди.

Махсус комиссия ҳудудлардаги бозорлар дезинфекция учун ҳафтада бир марта ёпилишини маълум қилди. Супермаркет ва бошқа йирик дўконларда санитария-эпидемиологик назорат кучайтирилиб, ушбу объектларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 даража ва ундан юқори бўлган ёхуд инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ушбу мажмуаларга киритмаслик, ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш талаблари белгиланмоқда. Фуқароларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида супермаркет ва бошқа йирик дўконларга киришда уларни бепул қўлқоп билан таъминлаш назарда тутилмоқда.

Республика махсус комиссияси қарори билан жамоат транспортида ва тадбиркорлик субъектларида санитария талабларига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилади. Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясига жамоат жойларида санитария-эпидемиология талабларига риоя этилиши устидан назорат тадбирлари (рейдлар)ни мунтазам равишда кучайтирилган тартибда ташкил этиб бориш юклатилди.

Касалликдан даволаниш

22 июнь давомида 73 нафар фуқаро соғайди. Улардан 61 нафари Тошкент шаҳридаги, 7 нафари Наманган вилоятидаги ва 6 нафари Бухоро вилоятидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 6461 нафар бемордан 4450 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 69 фоизни ташкил этмоқда. Бу борадаги кўрсаткич икки кундан буён ўзгаришсиз қолмоқда.

Айни вақтда шифохоналардаги 1992 нафар бемордан 1606 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 386 нафар бемор мамлакатнинг 9 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Қорақалпоғистонда 6, Андижонда 11, Сурхондарёда 19, Наманганда 25, Самарқандда 26, Бухорода 35, Хоразмда 42, Навоийда 52 ва Қашқадарёда 170 нафар бемор қолди. Жиззах ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди.

Аҳволи оғир беморлар ва ўлим ҳолатлари

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1992 нафар бемордан 15 нафари оғир, 4 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввал билан таққослаганда, аҳволи оғир беморлар сони 4 нафарга, аҳволи ўта оғир беморлар сони 1 нафарга кўпайди. Аҳволи ўрта оғир беморлар эса 100 нафардан ортиқни ташкил этади.

15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 19 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган. 19-беморнинг вафоти ҳақида 10 июнь куни хабар берилганди. Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги ўлим ҳолатлари ҳақида хабар бермади. Аммо Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ҳокими Бахтиёр Ибатов 21 июнь куни туман аҳолисига қилган мурожаатида 20 июнь куни туманда бир киши коронавирусдан вафот этганини маълум қилди. Ҳокимнинг айтишича, коронавирусдан вафот этган марҳум билан мулоқотда бўлган 187 нафар фуқаро карантинга олинган. Уларнинг 6 нафарида COVID-19 касаллиги аниқланган, яна бир неча фуқаро касалликда гумон қилинмоқда.

Ҳоким иштирокидаги видеолавҳа Денов тумани ҳокимлигининг Telegram’даги каналида эълон қилиниб, сўнгра ўчириб ташланган, аммо бунгача видеолавҳа интернетда тарқалишга улгурган. Уни мана ушбу ҳаволада кўришингиз мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирининг матбуот котиби, жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев Деновда коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилганини тасдиқламаган.

Шунга ўхшаш ҳолат аввалроқ Қашқадарёнинг Китоб тумани билан ҳам содир бўлганди. 9 май куни Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтиб келган 57 ёшли китоблик фуқаро Н.О. Тошкент вилоятидаги карантин марказида тиббий кузатувга олинган. 10 май куни Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимига пневмония ташхиси билан ётқизилган. Диагностик таҳлиллардан сўнг беморда коронавирус инфекцияси аниқланмаган. У 29 май куни Китоб туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. 31 май куни ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай вафот этган. Коронавирусда гумонланган марҳум билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар эҳтиёт чораси сифатида стационар ва уй карантинига олинган. Китоб туман ҳудуди тўлиқ карантинга ёпилган.

1 июнь куни ССВ 31 май куни олинган суртма намуналарида ҳам коронавирус аниқланмагани, 57 ёшли бемор ёндош касалликлар туфайли вафот этганини маълум қилганди.

Орадан 16 кун ўтиб — 17 июнь Китоб тумани ҳокимлигининг Telegram канали туманда коронавирусга чалинганлар сони 25 нафарга етганини маълум қилди.

«Ҳозирги пайтда жами касалланганлар сони 25 нафарни ташкил этмоқда. Шулардан 17 нафари тиббиёт ходимлари, қолган 8 нафар фуқаро, Тошкентдан оғир аҳволда Китобга, яъни уйига қайтиб келиб, тез ёрдам машинаси орқали шошилинч равишда туман тиббиёт бирлашмасига келтирилган, барча тиббий ёрдам чоралари кўрилишига қарамай, касалликнинг оғир аломатлари туфайли вафот этган бемор билан мулоқотда бўлган яқинларидир», — дейилади хабарда.

ССВ ушбу маълумотлардан кейин ҳам коронавирусдан вафот этган беморлар сонига ўзгариш киритмади. «Дарё» Соғлиқни сақлаш вазирининг матбуот котиби Фурқат Санаевдан Китобдаги ҳолат бўйича изоҳ сўраган. Бироқ бир неча кундан буён бу борада жавоб ололгани йўқ.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 35 690 нафар, стационар карантинда эса 22 614 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 1624 нафарга, стационар карантиндаги фуқаролар сони 198 нафарга камайди.

Хориждан Ўзбекистонга кириб келадиган фуқаролар 14 кунлик карантинга жойлаштириладиган Юқори Чирчиқ туманидаги «Ўртасарой» карантин марказида ўз жонига қасд қилган фуқаро бўйича Бош прокуратура қўшимча маълумотларни тақдим этди. Унга кўра, фарғоналик 42 ёшли С.С. 15 июнь куни Москвадан Тошкентга чартер рейс билан келган. У «Ўртасарой»даги карантин марказидаги контейнерга уч киши билан бирга жойлаштирилган. Ўзини коронавирусга чалинган деб гумон қилган С.С. шерикларига касалликни юқтириб қўйишдан хавфсираган ва улар билан бир хонада туришни истамаган. Шундан сўнг уни алоҳида хонага жойлаштиришган. С.С. 20 июнь куни ўзи ётган хонага ўрнатилган кондиционернинг ташқи томондаги паррагига чойшаб билан ўзини осганлиги оқибатида вафот этган.

Бу орада Республика махсус комиссияси коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида уларнинг хоҳишига кўра, 14 кунлик карантин назорати даврини ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказиш ҳуқуқи берилиши ҳақида қарор чиқарди. Энди фуқаролар 14 кунлик карантин муддатини давлат томонидан бепул таъминланадиган карантин марказларида ёхуд ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказиши мумкин бўлади.

Фуқаролар карантин назорати даврини ўтказиши мумкин бўлган меҳмонхоналар рўйхати Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан шакллантирилади.

Республика махсус комиссияси аввалроқ коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлар рўйхатига БАА, Туркия, Эрон, Афғонистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларини киритганди. Ушбу ҳудудлардан кириб келган шахслар 14 кун давомида карантин назоратида сақланиши керак.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c

Бошқа янгиликлар