КХДР икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашаётган бир пайтда Жанубий Кореяда тарқатиладиган ташвиқот варақаларини чиқара бошлади. Бу ҳақда 20 июнь куни Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берди.

Фото: Image.one

«Нашриёт уйлари Жанубий Корея расмийларига тартибсиз зарбалар берувчи варақаларни чоп этмоқда... Мамлакат бўйлаб ғазабланган одамлар Жанубий Кореяда ҳатто оддий ахлоқдан маҳрум бўлган одамларга сочиш учун варақаларни оммавий тарқатишга фаол тайёргарлик кўрмоқда», — деб таъкидланган хабарда.

Агентликнинг қайд этишича, «университет талабалари тегишли тартибда шимол ва жанубнинг чегара ҳудудларига кириш очилиши биланоқ варақалар тарқатишни бошлайди». Чунки амалдги келишувга кўра, айнан талабаларга чегара ҳудудларига кириш ҳуқуқи берилган. Шунингдек, «Гуноҳлар учун қасос муқаррардир», — дея қўшимча қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Шимолий ва Жанубий Корея муносабатлари сўнгги икки ҳафта давомида ёмонлашиб бормоқда. Дастлаб КХДР Жанубий Кореянинг қўнғироқларига жавоб бермади. 9 июнь куни эса КХДР 2018 йилдан бери илк бор Жанубий Корея билан алоқаларни тўхтатди. КХДР Сеул билан барча алоқа линияларини Пхенянга қарши юборилган ташвиқот варақалари сабаб блоклаган. Узоқ йиллар давомида ишламаган алоқа линиялари 2018 йилда қайта тикланган, шундан буён мамлакатлар кунига икки маротаба ўзаро қўнғироқлашиб турганди.

14 июнь куни Жанубий Корея ҳукумати Шимолий Корея билан боғлиқ ҳар қандай вазият юзасидан жавоб беришга тайёрлигини таъкидлаб, КХДРни икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий битим бўйича келишувларини амалга оширишга чақирди. 16 июнь куни эса Шимолий Корея ҳарбийлари Кэсон шаҳрида жойлашган Кореялараро алоқа офисини портлатиб юборди.

Эндиликда КХДР Жанубий Корея билан чегарадош қуролсизлантирилган ҳудудларга ўз қўшинларини қайтармоқчи. Шу мақсадда ўз қўшинларини Кимгансан туристик зонаси ва Кесон саноат комплексига жойлаштиришга тайёрланмоқда.