Бишкек мэрида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда пойтахт муниципалитетига таяниб, «24.kg» хабар берди.
Таъкидланишича, Бишкек мэри Азиз Суракматов уч кундан буён ўзини изоляциялаган, касаллик енгил шаклда ўтмоқда — мэрнинг тана ҳарорати бироз кўтарилган.
Суракматовнинг таъкидлашича, у ўзини яхши ҳис қилмоқда, бироқ сўнгги полимераза занжир реакцияси таҳлили натижаси ижобий чиққан. Шу сабабли у уйда қолмоқда, соғлиғи шифокорлар назорати остида.
Мэр масофадан туриб ишлашни давом этмоқда, шаҳар ва тезкор штаб одатдаги режимда фаолиятини давом эттирмоқда, шаҳардаги барча хизматлар ва ҳокимиятлар узлуксиз ишламоқда.
Қирғизистонда 20 июнь ҳолатига кўра, COVID-19 билан касалланганлар сони 2981 кишига етди, уларнинг 35 нафари вирус қурбонига айланган. Ҳозирга қадар 1981 нафар бемор даволанишга муваффақ бўлган.
Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Арманистон бош вазири ва Чеченистон раҳбарида, Қозоғистоннинг биринчи президентида ҳам коронавирус аниқланган эди.
Изоҳ (0)