Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида Ҳунармандлар бозори ҳамда Ҳунармандчилик маркази фойдаланишга топширилди, деб хабар берди «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов.
Таъкидланишича, давлат-хусусий шериклик асосида қурилган Ҳунармандчилик марказида 200 дан ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Айни пайтда бу ерда 600 нафар уста иш бошлаган, улар томонидан икки мингга яқин хотин-қизлар ва ёшлар ишга жалб этилган.
Марказнинг қуйи қаватида атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар тўқилади. Биринчи қаватдан тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, подиум, чевархона ўрин олган. Бу ердаги дўконда матога гул чизиш, боғлаш, давра, қад тайёрлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этилади. Бинонинг юқори қаватида гилам цехи жойлашган. Марказда барча маҳсулотлар тўлиқ қўл меҳнати ёрдамида 100 фоиз тоза ипакдан тўқилади.
Ҳунармандлар бозорида 45 нафар ҳунарманд фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 300 та янги иш ўрни яратилган. 35 миллиард сўм маблағ сарфланган марказда 14 та савдо дўкони мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида Марғилондаги Ҳунармандлар марказини бориб кўрганди. 6 июнь куни Президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда одамларни иш билан таъминлаш, даромадини ошириш бўйича Фарғонада ҳам кенг кўламли саъй-ҳаракатлар бошлангани, вилоятдаги 43 мингдан ортиқ оилани 2020 йил якунига қадар камбағалликдан чиқариш мақсад қилингани айтилганди.
Изоҳ (0)