Қозоғистоннинг қатор ҳудудларида карантин режимининг енгиллаштирилганлиги муносабати билан фуқаролар Ўзбекистон ҳудудига ўтиш мақсадида «Жибек Жоли»—«Ғишткўприк» назорат-ўтказиш пунктига келмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара ва санитар-эпидемиологик хизматларининг ҳамкорликдаги фаолияти натижасида ўзбекистонликлар мамлакат ҳудудига карантин чораларига амал қилган ҳолда ўтказиляпти. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Халқ сўзи Online»

Бош консулхона «Жибек Жоли» назорат-ўтказиш пунктига келаётган Ўзбекистон фуқароларини маълум тўлов эвазига давлатлараро чегарани кесиб ўтишда кўмаклашишни таклиф қилувчи турли шахсларга мурожаат қилмасликка яна бир бор чақирган.

Одатдаги тартибда фаолият кўрсатаётган «Жибек Жоли»—«Ғишткўприк» назорат-ўтказиш пунктида ҳозирда Олмаотадаги бош консулхонанинг ходими ишлаётгани ҳамда фуқароларга зарур консуллик-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатаётгани айтилади.

Қозоғистоннинг Олмаота ва Чимкент шаҳарлари, Олмаота, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Олмаота шаҳридаги бош консулхонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилган: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16.

Аввалроқ Россиянинг Самара вилоятида Қозоғистон чегарасидан бир неча ўн километр масофада бўлиб турган тахминан 800 нафар Ўзбекистон фуқароси Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллагани ҳақида хабар берилганди. Ушбу фуқаролар Ўзбекистонга қайтиш учун Қозоғистон ҳудуди орқали йўлак яратишни талаб қилган. ТИВ ўз навбатида ушбу ҳолатга муносабат билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 19 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳозиргача 39 минг ватандош қайтариб олиб келингани, яна 12 минг фуқарони Ўзбекистонга олиб келиш чоралари кўрилаётгани маълум қилинган эди. Дастлаб 24 майгача, сўнг 7 июнгача амалга ошириладиган чартер рейслар эълон қилинди.

Шунингдек, Россия—Қозоғистон чегарасида тўпланган 1100 нафар ватандош Президент топшириғига асосан 18—19 май кунлари автобусларда Ўзбекистонга олиб кетилди. Кейинчалик худди шу чегара зонасида яна юзлаб ўзбекистонликлар тўплангани маълум бўлди. ТИВ улардан вақтинчалик яшаш жойларига қайтишни сўради.