Бельгиялик 40 нафар фуқародан иборат гуруҳ карантин вақтида шахсий эркинликлари ва ҳуқуқлари чеклангани сабабли давлатни, мамлакат Ички ишлар вазирлигини ва вазирлик раҳбари Питер Де Кремни судга берди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар қилди.

Фото: EPA

Мазкур фуқароларнинг фикрича, мамлакат ҳукумати инсон ҳуқуқлари бўйича Европа меъёрларини ҳисобга олмасдан, Хитойда қўлланилган чораларни кўчириб олган.

Судга берувчиларнинг адвокати айтишича, Бельгияда коммунистик карантинни қабул қилиб бўлмайди, инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан таҳлил ўтказиш керак эди.

Чеклов чоралари Бельгия Миллий хавфсизлик кенгаши қарори билан жорий қилинган бўлса-да, нима сабабдан асосий жавобгар Де Крем эканлигига аниқлик киритилмаган.

Бельгия Ички ишлар вазирлиги мазкур даъво бўйича вазирликка ҳеч нарса маълум эмаслигини билдирган, бироқ фуқаронинг судда ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқини тан олишини маълум қилган.

Жонс Ҳопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан буён Бельгияда коронавирусга чалинганлар сони 57 092 кишига етган, улардан 9280 киши касаллик оқибатида вафот этган.

Мамлакат аҳолисининг сони 11,5 миллион кишини ташкил қилади, коронавирусни аниқлаш бўйича тестлар фақат касалликнинг ўткир белгилари кузатилганлар орасида ўтказилмоқда.

Аввалроқ Австрия полицияси мамлакат президенти карантин қоидаларини бузганлигини аниқлагани ҳақида хабар берилган эди.