Чехияда 25 майдан бошлаб коронавирус тарқалишининг олдини олиш йўлида жорий этилган бир қатор чекловлар енгиллаштирилмоқда, деб хабар беради «ТАСС».
Мамлакат ҳукуматининг таъкидлашича, бу каби қарор республикада эпидемиологик вазият яхшиланаётгани сабаб қабул қилинган.
Маълумотларга кўра, 20 апрелдан буён Чехия ҳукумати пандемия фонида март ойининг ўрталарида қабул қилинган қаттиқ чекловлардан босқичма-босқич воз кечиб келмоқда.
Навбатдаги босқичга кўра, кўчаларда нафас олиш органларини ҳимоялашга қўйилган талабларнинг бекор қилинишини назарда тутади. Шунга қарамай, ёпиқ жамоат жойларида — дўконлар, шунингдек, жамоат транспортларида тиббий ниқобларини тақиш мажбурияти номаълум муддатга сақланиб қолади.
Бундан ташқари, 25 майдан бошлаб меҳмонхоналар, фитнес марказлар, сауналар, ресторан ва кафелар санитария талабларига риоя қилган ҳолда қайта иш бошлаши мумкин. Шунингдек, қариялар уйи, ногиронлиги бўлганлар учун мўлжалланган клиникаларга ташриф буюриш, бошланғич синф ўқувчиларининг мактабга қайтишига рухсат берилган. Шу билан бирга, 300 кишига бўлган жамоат тадбирларини ўтказиш ҳам мумкин.
Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда 8955 кишида коронавирус қайд этилган. Улардан 6078 нафари тузалган, 315 нафари вафот этган.
Аввалроқ Чехия Европада биринчилардан бўлиб чегараларини очиб, фуқароларга чет элга чиқишга рухсат берган эди.
Изоҳ (0)