Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Дониёр Эрматов 16 апрель, пайшанба куни, АОКАда ўтказилган брифингда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва фуқаролардан келиб тушаётган саволларнинг айримларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Вазирлик расмийсининг таъкидлашича, мактаб дарсликларини пойтахтда қолдириб, вилоятга кетган ўқувчилар «uzedu.uz» сайтидан электрон дарсликларни кўчириб олиши ҳамда теледарсларни кузатиб, онлайн дарс машғулотларида қатнашиши лозим.

«Ҳар қандай вазиятда фарзандларимиз таълим олиши керак. Жорий йилнинг 30 мартидан бошлаб умумтаълим мактабларида тўртинчи чорак бошланди. Ўқувчиларнинг масофавий таълим доирасида олган билимлари баҳоланиб борилиши зарур.

Айрим ўқувчилар вилоятларга кетган ва уларнинг дарсликлари Тошкентда қолган бўлса, бундай ҳолда улар электрон дарсликларни «uzedu.uz» сайтидан кўчириб олиши тавсия этилади. Ўқувчиларни баҳолаш ишлари эса Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган, таълим муассасаларида карантин даврида масофадан ишлашга ўтган тизим ходимларининг фаолияти бўйича тавсия асосида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Шу ўринда болаларнинг видеодарсларни кузатиб бориши, уй вазифаларини тайёрлашига ота-оналарининг масъул эканлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз», — деди Эрматов.

Дониёр Эрматовнинг қўшимча қилишича, ўқувчиларга ижрага берилган дарсликлар Ўзбекистонда карантин даври якунланганидан сўнг мактаб кутубхонларига қайтарилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус аниқланганидан кейин барча таълим муассасалари ёпилган. Мактаб ўқувчилари ва болалар боғчалари тарбияланувчилари учун бир қатор телеканалларда видеодарслар эфирга узатилмоқда.