Апрель ойида Жанубий Кореядан яна бир тажрибали мутахассис Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбатда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни давом эттириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Аввалроқ март ойининг охиридан Ўзбекистонда кореялик профессор — эпидемиолог Сой Чже Ук мутахассис фаол ишлаётгани, билим ва кўникмалари билан ўртоқлашаётгани ҳақида хабар берилган эди. «Шу ойда мазкур диёрдан юртимизга яна бир тажрибали мутахассис – анестезиолог-реаниматологнинг келиши кутилмоқда», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.

Президентлар икки мамлакат ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга ҳамда Ўзбекистонда Корея тиббиётининг, шу жумладан карантин тадбирларини ташкил этиш, касалликларни аниқлаш ва даволаш, реабилитация тадбирларини ўтказиш, тиббий кадрлар малакасини ошириш борасидаги илғор тажрибасини самарали жорий этишга қатъий интилишларини қайд этган.

Икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ва етакчи тиббиёт марказлари ўртасида саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш ва тезкор ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинган. Қўшимча қилишларича, Президент Шавкат Мирзиёев пандемияга қарши курашда кўрсатилаётган амалий кўмак учун Жанубий Корея президенти Мун Чже Инга самимий миннатдорлик билдирган.

Телефон мулоқоти якунида президент Мун Чже Ин Жанубий Корея биродар Ўзбекистонга бугун долзарб бўлиб турган қийинчиликлар ва замонавий хатарларни тез фурсатларда енгиб ўтишда барча зарур ёрдам ва кўмакни кўрсатишга тайёр эканини яна бир бор билдирган.

Аввалроқ яқин вақт ичида коронавирусга қарши кураш бўйича хитойлик мутахассислар Ўзбекистонга келиши маълум қилинган эди.