Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида жорий ҳафтада икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди. Бири эркак, бири аёл бўлган марҳумларнинг ёши 50—60 орасида бўлган. Улар Қўшма Штатларда доимий яшаб, ишлаб келган, оилалари ҳам шу ерда. Бу ҳақда «Америка овози» хабар берди.

Фото: Reuters

Марҳум эркак Нью-Жерси штатида коронавирусдан жон берганлар бўйича қоидалар асосида дафн этилган. Маросимда оз одам қатнашган. Жаноза ўқилган, лекин бошқа урф-одатлар четлаб ўтилган.

Марҳумнинг оиласига яқин манбалар у ҳам коронавирусдан вафот этганини маълум қилган. 6—7 йилдан буён АҚШда ўз оиласи билан доимий яшаб келган фуқаро қанд касаллигидан азият чеккан. Устачилик билан шуғулланган 51 ёшли эркак март ойининг ўрталарида шамоллаган ва ўпкаси яллиғланиб, касалхонага тушган. Пневмония унинг ҳолатини янада оғирлаштирган.

3 апрель куни эса Бруклиндаги касалхоналардан бирида жони узилган ўзбекистонлик аёлнинг яқинлари у COVID-19’дан вафот этганини тасдиқлаган. Ёши 60 дан ошган аёл 9 йилдан буён АҚШда доимий яшаб келган.

Таъкидланишича, Нью-Йорк шаҳрида ўн минглаб ўзбекистонликлар яшайди. Ҳудудда кенг тарқалган коронавирусдан азият чекаётганлар орасида улар ҳам анчагина.

Беморлар орасида ҳомиладор аёллар, қолаверса, ёшлар ва кексалар ҳам бор. Касалхоналарда жой етишмагани боис ва аҳволига қараб, шифокорлар муайян талаблар билан баъзиларни уйига жўнатмоқда.

«Ўзбекистон фуқаролари орасида вирусдан ўлим ҳоллари юз берганида ва умуман фуқаролар ҳозирги фавқулодда ҳолатларда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги консуллиги билан боғланиши тавсия қилинади. Ваколатхоналар ҳар жиҳатдан кўмак кўрсата олмаслиги мумкин, лекин элчихона ва консуллик ҳужжатлар, шунингдек, бошқа заруратлар борасида кўмаклашишга тайёр эканини эслатиб турибди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган шахслар сони 4 апрель Тошкент вақти билан соат 21:00 ҳолатига кўра, 266 нафарга етди. Мамлакатда илк касалланиш ҳолати қайд этилганидан бери 25 нафар бемор соғайди, икки нафари эса касалликдан вафот этди.