Қарши шаҳридаги Президент бориб кўрган «Ватанпарварлар» боғида фаолият юритувчи 24 нафар ходим ойлик-маошсиз қолаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га шикоят қилган боғ қўриқчисининг айтишича, у сўнгги маротаба 2019 йилнинг декабрида маош олган.
«Айтишларича, боғимизнинг йиллик сметаси тасдиқланмаган, шу боис ҳам банк бизга маош тўламаяпти экан», — дейди шахси ошкор этилишини истамаган боғ қўриқчиси.
Ходимнинг айтишича, боғ ходимлари сўнгги уч ой учун маош олмаган.
«Раҳбаримиз Тожинур Шукуровга шикоят қилдик, қайта-қайта ёздик. Ҳатто Меҳнат вазирлигигача мурожаат қилдик, аммо фойдаси йўқ. Боиси, вилоят ҳокими сметани тасдиқламаётган экан», — дейди мурожаатчи.
Мурожаатчининг маълумот беришича, боғда 6 нафар қўриқчи фаолият кўрсатади. Барчаси шартнома асосида ишга қабул қилинган.
«Раҳбаримиз, хўжалик ишлари мудири, бухгалтер ва кадр, электрик, қўриқчилар, 8 нафар аёл, 5 нафар эркак ишчи — ҳаммамиз ойликдан умидвормиз. Аммо фойдаси бўлмаяпти. Энди эса карантин даврида қийналяпмиз», — дейди боғ ишчиларидан бири.
Боғ ходимининг айтишича, раҳбар кутиш лозимлигини айтган.
«Раҳбаримиз ‘кутинглар’ дейишдан нарига ўтмаяпти, ‘агар хоҳламасанглар, ана катта кўча, ариза ёзиб, ишдан бўшаб кетаверинглар’ деган», — дейди шикоятчи.
«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган боғ директори Тожинур Шукуров ходимлари 2020 йилда маошсиз ишлаётганини тан олди.
«Ходимларимиз ойликсиз ишлаётгани бор гап. Сабаби ходимлар ойлик-маоши ҳали молиялашмаган. Боғимиз Мудофаа вазирлиги тасарруфига ўтказилиши лозим эди. Бироқ қурилиш ишлари чала қолгани ва ҳужжатлаштириш ишлари битмагани учун боғ эгасиз қолган», — дейди Тожинур Шукуров.
Тожинур Шукуровнинг айтишича, ҳолат вилоят ҳокимлиги, вилоят молия бошқармаси ҳамда инжиниринг компанияси раҳбариятига ҳам аён.
«Боғ Мудофаа вазирлиги тасарруфига олиниши белгиланган бўлса-да, ходимлар моашини молиялаштириш маҳаллий бюджетдан бўлиши белгиланган. Шу боис ҳам вилоятнинг собиқ ҳокими Зафар Рўзиев даврида ходимларимизга беш-олти ой маош тўланди. 2020 йилдан эса пул йўқ. Вилоятнинг айни кундаги раҳбари Зоир Мирзаев биринчи ўринбосари Ўткир Бўтаев ҳамда Қарши шаҳар ҳокимига ‘таклиф беринғ деб топшириқ берган. Аммо натижа йўқ», — дейди боғ директори.
Боғ директорининг айтишича, вилоятнинг янгиланган раҳбарияти боғ ўзини ўзи таъминлаши керак, деган фикрда.
«Боғимиз молиявий жиҳатдан ўзини эплаши учун боғда аттраксионлар бўлиши керак. Бизда фақат ҳарбий техникалар бор. Қолаверса, ҳудудимиз ҳам кичик. 6 гектарни ташкил этади», — дейди Тожинур Шукуров.
Боғ раҳбариятининг шикоят қилишича, боғда ўрнатилиши лозим бўлган кузатув камералари ҳалигача ўрнатилмаган. 6 гектар майдонни қўриқлаш учун бир нафар қоровул штати берилган.
Маълум қилинишича, маош олмай ишлаётган ходимларнинг аксарияти туманлардан қатнаб ишлаган. Маошсиз қийналган ишчилар 2020 йилнинг 20 март куни ҳам вилоят ҳокимлигига ёзма мурожаат қилган. Лекин натижа йўқ.