Тошкент вилоятида озиқ-овқат маҳсулоти билан савдо қилишга ихтисослашмаган барча бозорлар ёпилади, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: «Дарё»

Бу ҳақда 23 март куни Нурафшон шаҳрида Рустам Холматов раҳбарлигидаги коронавирус пандемиясига қарши курашиш фавқулодда комиссиясининг ишчи йиғилишида маълум қилинди.

Унга кўра 24 мартдан бошлаб Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилади. Карантин талабларига риоя этмай, хўрандаларни қабул қилишда давом этаётган умумий овқатланиш шохобчаларига нисбатан чоралар кучайтирилади.

Қайд этилишича, корхона ва ташкилотлар томонидан ўз ишчи-ходимлари учун тиббий-гигиеник воситалар жамғарилиши, ҳудудда санитар-тозалаш, дезинфекция ишларини амалга оширилиши мажбурий ҳисобланади.

Шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан уй шароитида карантинда сақланаётган фуқароларни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 16 мартдан коронавирус карантини эълон қилинди.  Хорижий давлатлар билан барча авиарейслар бекор қилинди. Наврўз сайиллари тўхтатилди. Болалар боғчалари, ўрта мактаблар ва олий таълим муассасалари карантинга ёпилди. Унинг ўрнига онлайн ва телевидение орқали дарслар йўлга қўйилди. Муфтий аҳолига намозларни уйда адо этишини тавсия қилди.

Дастлаб коронавирус Ўзбекистондаги март ойида бўладиган тўйларга таъсир кўрсатмаслиги маълум қилинган бўлса, 23 мартдан тўйларнинг ўтказилиши ҳам бекор қилинди. Чойхона ва ошхоналар ёпилди.

Тошкентда 22 мартдан автобус, метро ва «маршрутка»лар ҳаракати тўхтатилди. 2020 йилнинг 24 март куни соат 00:01 дан бошлаб эса Тошкент шаҳрига республиканинг барча ҳудудларидан кириш ва Тошкент шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига чиқишни ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, автомобиль, авиа, темир йўл) тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинди.