Сенатор Гавҳар Алимова Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда. Таъкидланишича, шу вақтгача Каттақўрғон шаҳрига ҳокимлик қилиб келган Музаффар Ҳошимов ўз аризасига асосан эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Гавҳар Алимова.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, 49 ёшли Гавҳар Алимова Самарқанднинг Жомбой туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1989 йилда Жомбой туманидаги 16-мактаб йўриқчилигидан бошлаган.

Вазирлар Маҳкамасининг Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш комплекси мутахассиси, «Маҳалла» фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган.

2018—2020 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари — вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси, яқиндан бошлаб эса вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди. Амалдаги сенатор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёнинг Боёвут, Бухоронинг Олот, Андижоннинг Бўстон, Қашқадарёнинг Қарши, Наманганнинг Тўрақўрғон туманларига ҳам аёл ҳокимлар тайинланган эди.