Сирдарё вилояти Оқолтин тумани Сардоба шаҳарчаси «Кўркам диёр» маҳалла фуқаролар йиғини Работ кўчасидаги уйларнинг бирида 17 февралга ўтар кечаси соат тахминан 2:40 да ёнғин содир бўлган.

Ёнғин натижасида уйнинг кириш йўлаги ва ётоқхонасининг 40 квадрат метр майдондаги уй жиҳозлари ёнган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан хабар беришларича, ёнғин соат 3:00 да қуршаб олиниб, 3:45 да ўчирилган.

Ҳодиса оқибатида шу уйда бўлган олти фуқаро — 1972 йилда туғилган Б.З. (уй эгаси), 1976 йилда туғилган Н.Х. (уй эгасининг турмуш ўртоғи), 1996 йилда туғилган О.Ш. (уй эгасининг қизи), 2006 йилда туғилган О.Д. (уй эгасининг қизи), 2010 йилда туғилган О.А. (уй эгасининг ўғли), 2018 йилда туғилган Н.Н. (уй эгасининг невараси) вафот этган.

Воқеа жойига ФВВ раҳбарияти, вилоят ФВБ, ИИБ, прокуратура, туман ФВБ, ССБ ходимлари, ИИБ тергов тезкор гуруҳи ҳамда тегишли хизматларнинг куч ва воситалари жалб этилган. «Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади ФВВ ахборотида.