Россия коронавирус сабаб 31 январдан бошлаб Хитой билан қатновларни фақатгина «Москва—Пекин» йўналиши бўйича қатновчи тўғридан-тўғри поездлар орқали амалга оширади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Татьяна Голиковага таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Голикованинг аниқлик киритишича, ҳукумат авиапарвозлар бўйича қарорини икки кун ичида қабул қилади.
Яқин кунлар ичида Хитой билан чегарадош ҳудудлардаги пиёдалар ва автомобилларнинг ҳаракати аниқ қанча муддатга чекланиши маълум қилинади. Ҳозирча чегара 2 февралга қадар ёпилган.
Россияда ўқиётган хитойлик талабалар Янги йил байрамини нишонлаш учун юртларига кетган, таътиллар 31 мартга қадар узайтирилади.
Аввалроқ, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар хусусида маълумот берган эди.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келгани ҳақидаги гап-сўзларни инкор этган эди. Ҳозирда Хитойда коронавирус билан касалланганлар сони 6 мингдан ошиб кетди. Бунинг ортидан Хитой—Ўзбекистон авиарейсига бўлган талаб беш бараварга ортди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга Хитойга хизмат, туристик ва бошқа мақсадларда ташриф буюришдан тийилиб туришни тавсия қилмоқда. Хитойнинг мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган ҳудудида 72 нафар ўзбекистонлик талаба мавжудлиги маълум қилинди.
Изоҳ (0)