Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи 2020 йилда олий даражадаги икки томонлама учрашувларга тайёргарлик кўриш мақсадида янги кенг қамровли икки томонлама битим бўйича музокараларни фаоллаштиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим 1999 йилдан бери амалда бўлган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг ўрнини эгаллайди.
Аввалроқ, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон 2020 йилда кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолашни режалаштираётгани, бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга эҳтимолий ташрифи доирасида амалга оширилиши мумкинлигини маълум қилган. Янги ҳужжат бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланган. Музокараларнинг навбатдаги, бешинчи босқичи, жорий йил бошида Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Германияда амалий ташриф билан бўлган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Берлинда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа Иттифоқи комиссияси вице-президенти Хосеп Боррел билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон—Европа тадбирларига юқори даражада тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, томонлар кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолашга тайёргарлик кўриш жараёнида ишчи гуруҳлар ишини фаоллаштиришга келишиб олди.
Изоҳ (0)