Мажбурий ижро бюроси Қаршида газ тармоғига ноқонуний уланиб, фаолият юритаётган ғишт заводи фаолиятига чек қўйди. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Бюронинг Қарши туман бўлими ходимлари томонидан ғишт ишлаб чиқариш заводи кўрикдан ўтказилганида, табиий газдан ноқонуний, яъни қўлбола печлардан фойланаётганлиги ҳолати аниқланган ва далолатнома расмийлаштирилиб, газ тармоғидан узилган.
Шунингдек, шу йили такроран кўрикдан ўтказилганида, табиий газ тармоғидан узиб қўйилган бўлса-да, ўзбошимчалик билан, рухсатсиз тармоққа қайта уланиб олганлиги учун қайта тармоқдан узилган.
Мазкур завод 2019 йилда такроран кўрикдан ўтказилганида, табиий газ тармоғига яна уланиб олганлиги аниқланиб, далолатнома расмийлаштирилиб, табиий газ тармоғидан такроран узилган.
Кейинчалик навбатдаги кўрикдан ўтказилганида, завод газ тармоғига ҳисоблагичдан ташқари бир дона резина шланг орқали такроран ўзбошимчалик билан уланиб олганлиги газ тармоғидан узиш ҳақидаги далолатномалар расмийлаштирилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ғишт завод таъминотчи корхона манфаатларига жами 394 миллион 641 минг сўмлик жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан бюронинг вилоят бошқармаси томонидан ушбу корхона мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди, ҳозирда вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)