Ўзбекистонда чорва моллари ва парранда бош сонига мутаносиб равишда экин ерлари ажратилади. Бу Президентнинг «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари:
- 2020 йилда яйловлар ҳамда Президентнинг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш ҳисобидан озуқабоп экинларни етиштиришни йўлга қўйиш учун чорвачилик хўжаликларига ажратиб берилишини;
- Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси билан биргаликда пахта-тўқимачилик кластерлари ва пахтачилик-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари экин майдонининг 10 фоизига беда экилишини таъминлайди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси:
- Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ходимларини жалб қилган ҳолда жойларда сут соғувчиларни тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этади;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари ва «Паррандасаноат» уюшмаси билан биргаликда паррандаларнинг юқори маҳсулдор зотлари ва кроссларини урчитиш билан шуғулланувчи гўшт йўналишидаги II тартибли репродуктор наслчилик паррандачилик корхоналари фаолиятини йўлга қўяди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда озуқа экин майдонларидан келиб чиққан ҳолда 2020—2022 йиллар учун озуқабоп экинлар уруғчилигини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.
Изоҳ (0)