Эронлик интернет фаоли Наримон Ғариб Twitter’даги саҳифасида, ўзининг таъкидлашича, Теҳрон яқинида «Украина халқаро авиалиниялари»нинг Boeing 737 самолётига ракетанинг келиб урилиши акс этган видеони эълон қилди.

The New York Times (NYT) газетасининг хабар беришича, видео Теҳрон яқинидаги Паранд аҳоли пунктида олинган. Нашрнинг қайд этишича, Украина самолёти айнан шу ҳудуд устдан учиб ўтаётганида алоқага чиқишни тўхтатган. Видео ҳақиқатан ҳам Парандда суратга олинганини Bellingcat ва Conflict Intelligence Team’нинг мустақил суриштирувчилари ҳам тасдиқлади.

Видеоёзувга қараб хулоса қилинадиган бўлса, самолёт унга ракета келиб урилганидан кейин ҳам бир неча дақиқа давомида парвоз қилишда давом этган. Шундан сўнг, NYT асосланган бошқа видеоёзувларда кўринганидек, самолёт аэропорт томон қайтиб бурилган ва кўп ўтмай, портлаб кетган ва қулаган.

«Украина халқаро авиалиниялари»нинг Киевга учаётган Boeing 737 самолёти 8 январь укни, Теҳрондан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қулаган эди. Эрон самолёт двигателлардан бирининг ёниб кетиши оқибатида қулаганини таъкидлаган эди.

Аввалроқ, 9 январь куни Канада бош вазири Жастин Трюдо, мамлакат разведкаси маълумотларига асосланиб, Украина «Боинги» Эроннинг «ер—ҳаво» таснифидаги ракетаси билан уриб туширилганини маълум қилганди. Унинг қайд этишича, бу тасодифан юз берган бўлиши мумкин.

Америка нашрларининг манбаларга асосланиб хабар беришича, лайнер «Тор» зенит-ракета мажмуасининг битта ёки иккита ракетаси билан уриб туширилган бўлиши мумкин. Авиаҳалокат юз берган оқшомда Эрон АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета зарбалари берган эди.

Эрон йўловчи самолёти ракета билан уриб туширилгани ҳақидаги хабарларни қатъий рад этиб келмоқда.