Сўнгги кунларда Сурия ва Исроил ўртасида друзлар сабаб қуролли тўқнашувлар содир бўлмоқда. Друз савдогарининг 13 июль куни ўғирлаб кетилиши друз полицияси ва сунний бадавий жангчилар ўртасида зиддиятни келтириб чиқарган.

Бу ҳодисаларга 15 июль куни Исроил ҳарбийлари аралашган. Яҳудий кучлари друзларни ҳимоя қилишга ва Сурия ҳукуматини йўқ қилишга интилаётганини билдирмоқда. Тўқнашувлар бошланганидан бери Сувайда вилоятида камида 350 киши ҳалок бўлгани очиқланган.
Хўш, ўзи друзлар ким?
Друзлар Сурия, Ливан, Исроил ва босиб олинган Голан (Жўлон) тепаликларида араб тилида сўзлашувчи этник-диний озчиликдир. Улар ўзига хос эътиқод тарзи билан шиа мазҳабини тан олади.
Тахминан, ярим миллион друзлар Сурияда яшайди. Улар ҳудуд аҳолисининг 3 фоизини ташкил қилади. Исроилдаги друзлар жамоаси эса кўп жиҳатдан яҳудий давлатига содиқ. Чунки жамоа аъзолари Исроил армиясида ҳарбий хизматни ўтайди. Исроил Марказий статистика бюроси маълумотларига кўра, Исроил ва Голан тепаликларида умумий 152 мингга яқин друз истиқомат қилади.
Друзлар тарихан Сурия ҳукуматига хавф туғдириб келган. Мамлакатнинг деярли 14 йиллик фуқаролар уруши даврида улар Сурия жанубида ўз полициясига эга бўлган. Декабрь ойида Асад ҳукумати қулаганидан бери друзлар Голан тепаликларига таъсир ўтказилишига қаршилик кўрсатиб келган. Хусусан, улар Сурия армиясига қўшилишга монелик кўрсатган — бунинг ўрнига ўзларининг маҳаллий полициясига таянган.
Исроил Сурияда Асад режими тугатилганидан сўнг, дрзулар билан иттифоқ тузиш мақсадида ўзининг шимолий чегарасига яқинлашмоқда. Яҳудий давлати борган сари ўзини Суриядаги курд, друз ва алавийлар каби озчиликларнинг минтақавий ҳимоячиси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, Суриядаги ҳарбий объектлар ва ҳукумат кучларига ҳужум уюштирмоқда.

Исроил ва Сурия ўртасидаги сўнгги зарбалар, биринчи навбатда, Дамашқ армиясини огоҳлантириш ва тўхтатишга қаратилган. Яҳудий давлати бу ҳудудда қуролсизлантирилган зона яратишга интилмоқда. Хусусан, Исроил ўзининг ҳарбий кучларини Сурия чегарасига тўпламоқда.
“Дамашқдаги огоҳлантиришлар тугади — энди оғриқли зарбалар берилади”, деб ёзган Исроил ташқи ишлар вазири Кац 16 июль куни ижтимоий тармоқларда.
Изоҳ (0)