Фарғоналик 57 ёшли эркак 14 жойидан пичоқ урилган ҳолатда Оҳангарон туманидан оқиб ўтувчи Ангрен дарёси қирғоғидаги чакалазордан топилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Маълум бўлишича, 6 январь куни Фарғона вилояти, Данғара туманида яшовчи аёл Д.Б. Оҳангарон туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, 1962 йилда туғилган турмуш ўртоғи Комолжон Юлдашев 2020 йил 5 январь куни соат 15:00 ларда ишончнома асосида бошқарувида бўлган Cobalt русумли автомашинада Қўқон—Тошкент йўналиши бўйлаб кира қилиш мақсадида уйидан чиқиб кетгани, сўнг қайтиб келмаганини айтиб, уни топишда ёрдам сўраган.

Терговга қадар текширув давомида, бедарак йўқолган Комолжон Юлдашев шу куни соат 23:00 ларда Тошкент шаҳар, Бектемир туманида жойлашган «Водий» автобекатидан Фарғона вилояти, Данғара туманига кетиш учун ўзининг бошқарувидаги автомашинада йўлга чиқиб, шу куни соат 23:52 да қизи У.П. билан уяли телефони орқали гаплашганида, Оҳангарондан Бешариқ туманига йўловчи олиб қайтаётганлигини маълум қилганлиги, шундан кейин унинг телефони ўчирилиб, уйига етиб бормаганлиги аниқланган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 7 январь куни соат 18:00 ларда бедарак йўқолган Комолжон Юлдашевнинг бошқарувидаги Cobalt автомашинаси Оҳангарон шаҳар, «Янгиобод» маҳалласи, Алпомиш кўчасидаги фуқаро Ж.Ш.га тегишли 11-уйнинг олдидаги кўчада турганлиги аниқланган.

Ҳодиса жойи ва автомашина кўздан кечирилиб, автомашина салони ва юкхонасидан қонга ўхшаш қизғиш доғлардан намуналар ва ўриндиқ жилдлари ашёвий далил тариқасида олинган.

Ҳолат юзасидан 7 январь куни Оҳангарон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Жиноят иши юзасидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида, Комолжон  Юлдашевнинг мурдаси кеча, 8 январь куни унинг автомашинаси топилган жойидан 18 километр узоқликда, Оҳангарон тумани, Телов маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Ангрен дарёси устидан ўтувчи Нуробод—Телов автомобиль йўлидаги кўприкдан ўнг томонга, дарё ўзани чап томони бўйлаб 1,2 километр ичкарида, чакалакзорлар орасида яланғоч ҳолатда баданининг олди тарафида 7 маротаба, орқа томонида 7 маротаба ўткир тиғли жисм билан етказилган тан жароҳатлари билан топилган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Комолжон Юлдашевнинг ўлими қўшма жароҳат: бош мия ёпиқ жароҳати, кўкрак олд-орқа ва ёнбош, қорин соҳаларида кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари оқибатида келиб чиққан ташқи ва ички қон кетиши натижасида юзага келганлиги кўрсатилган.

Ҳозирда жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда.