Россиянинг энг яхши онколог-жарроҳларидан бири Андрей Павленко 5 январь, якшанба куни ошқозон саратони оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Такие дела» нашрига асосланиб Meduza хабар берди.
Онкологнинг ўлимидан аввал ёзиб қолдирган видеомурожаати эълон қилинди.
Видеомурожаатда айтилишича, «Такие дела» нашри онкологик касалликларга чалинган инсонларнинг ҳаёт учун кураши ҳақида ҳикоя қилувчи журналист, фотограф ва ҳужжатли фильмлар ижодкорлари учун Андрей Павленко номидаги грантни жорий қилди.
Грант учун маблағ Patreon сайтида йиғилади. Йиғилган пулнинг ярми унинг ўлимидан сўнг боқувчисини йўқотган Павленконинг оиласига, ярми эса грант қўмитасига ўтказилади.
Андрей Павленко ўлимидан бир неча кун олдин Facebook’даги саҳифасида онкологик касалликлар билан курашаётган инсонларга видеомурожаат йўллаб, уларни таслим бўлмасликка чақирган эди.
Андрей Павленко Россиянинг энг яхши онколог-жарроҳларидан бири эди. Унга 2018 йилнинг баҳорида ошқозон саратони ташхиси қўйилган эди. Шундан сўнг у «Такие дела» сайти орқали «Инсон ҳаёти» рубрикасини ташкил этиб, видеокундалик юрита бошлади. Видеомурожаатларда у касаллик билан қандай курашаётгани ҳамда Россияда онкологик касалликлар қандай даволаниши ҳақида маълумот берарди.
Изоҳ (0)