Пентагон Бағдод халқаро аэропорти яқинидаги маррага авиазарба берганини тасдиқлади. Зарба нишони Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймоний бўлган — ҳужум оқибатида у ҳалок бўлган. Зарба АҚШ президенти Дональд Трамп фармойишига асосан берилган. Расмий Вашингтон ИИМКни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди.

Қосим Сулаймоний.

Фото: Al Jazeera

АҚШ Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Қосим Сулаймоний минтақада, хусусан, Ироқда бўлиб турган америкалик дипломатлар ва ҳарбийларга ҳужум қилишни режалаштирган. Вазирлик маълумотларига кўра, генерал ва унинг махсус бўлинмаси «юзлаб америкалик ҳарбийларнинг ўлими учун жавобгардир».

«У сўнгги бир неча ойдан бери коалициянинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ҳужумларни ташкиллаштирган,.. шунингдек, Бағдоддаги Америка элчихонасига уюштирилган ҳужумни маъқуллаган», — дейилади Пентагоннинг пресс-релизида. Вазирликнинг қўшимча қилишича, АҚШ «ўз фуқаролари ва ўз манфаатларини бутун дунё бўйлаб ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришда давом этади».

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эронда 1979 йилги инқилобдан сўнг ташкил этилган. Қуруқликдаги, ҳарбий ҳаво ва ҳарбий денгиз кучлари ИИМК таркибига киради. Корпус фақат Эрон олий раҳнамосига бўйсунади ва мамлакат Қуролли кучларидан алоҳида ҳаракатланади. АҚШ разведка хизматлари таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, ИИМК Эрон иқтисодиётининг 50 фоизини, хусусан, банк ва молия соҳаларини назорат қилади ёки «сезиларли таъсир кўрсата олади».

Ироқ пойтахтидаги халқаро аэропортга 3 январга ўтар кечаси зарба берилган эди. Ҳодиса оқибатида саккиз киши, жумладан, ироқлик кўнгилли жангчиларнинг беш нафари ҳалок бўлганди. Ҳозир аэропорт вақтинча ёпилган.

Эслатиб ўтамиз, 31 декабрь куни АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси олдида норозилик намойишлари бошланган эди, бунга АҚШ томонидан шиаларнинг «Катаиб Ҳизбуллоҳ» жангари гуруҳи лагерига авиазарба бергани сабаб бўлган. Намойишчилар дипломатик ваколатхона биносини штурм билан эгаллашга уринган, уларни тарқатиш учун америкалик ҳарбийлар кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган. Вашингтон ўз элчихонасини қўриқлаш учун яна 750 нафар ҳарбийни Ироққа юборишини маълум қилган.